«Женоа» ҳужумчиси Элдор Шомуродов билан ҳамкорлик қиладиган ProSports Management компанияси директори Герман Ткаченко Генуя клубининг ўзбекистонлик ҳужумчига қандай эътибор қаратганлиги ҳақида гапириб берди.
"Биз бунга рози бўлгани учун «Ростов»дан миннатдормиз. У (Элдор) энг яхши тўпурар эди, шу боис улар уни сотишни хоҳламади. Менга ўзбекистонлик футболчининг А Серияда ўйнаши мўъжиза эканлигини айтишади. Бу мўъжиза эмас, балки катта ва жиддий ишдир.
У дарҳол чет элда ўйнамоқчи эканлигини айтганди. Осиё Кубогидан кейин унга Хитой ва Қатардан қизиқишлар бўлди, у тўртта гол уриб, мусобақанинг иккинчи тўпурарига айланганди. Гарчи Осиёдаги таклифлар молиявий жиҳатдан фойдалироқ бўлса-да, Элдор Европага кетишни хоҳлади. Биз стратегия ишлаб чиқдик ва Россия чемпионатини танладик. Карпин (Валерий Карпин «Ростов» бош мураббийи — «Дарё») у билан тактик жиҳатдан жуда кўп ишлади ва Элдор муваффақиятга эришди.
Шомуродов кўплаб голлар ура бошлади ва скаутлар унга эътибор қаратди. Бироқ орада жароҳат олди ва самарадорлиги тушиб кетди, шунга қарамай қизиқишлар сақланиб қолди. Ёздан бери бизга Бундеслига, иккинчи Бундеслига (Германия чемпионатининг қуйи лигаси), Испаниянинг жиддий клублари ҳамда Бельгия жамоалари «ҳужум» қила бошлади. Улар ҳужумчига керак бўлган хусусиятлар тўпламини тушуниб етганди.
Дастлаб Италиядан «Сампдория» алоқага чиқди, бир ҳафтадан сўнг эса «Женоа» пайдо бўлди. Улар («Женоа») билан музокара олиб бориш осон эмас, аммо «Ростов» буни уддалай олди", — деди Герман Ткаченко.
Эслатиб ўтамиз, Шомуродов 2020 йилги ёзги трансфер ойнасида «Ростов»дан генуяликлар сафига йўл олди. Элдор «Женоа» сафида 16 та ўйин ўтказиб, 2 та гол ва 2 та голли узатма муаллифига айланди. Унинг генуяликлар билан амалдаги шартномаси 2024 йилнинг ёзигача мўлжалланган.