Осиё футбол конфедерацияси футбол бўйича 2022 йилги Жаҳон Чемпионати иккинчи саралаш босқичи ўйинлари 2021 йил июнь ойида марказлашган ҳолатда ўтказилишини эълон қилди.
Коронавирус пандемияси хавфи сабаб март ойидаги ФИФА кунларида ЖЧ—2022 саралаши доирасида фақат 4 та ўйин ўтказилади:
25 март
Саудия Арабистони — Яман
Тожикистон — Мўғулистон
30 март
Непал — Австралия
Мўғулистон — Япония
Саралашнинг қолган ўйинлари эса 2021 йилнинг 31 майидан 15 июнига қадар марказлашган ҳолатда ўтказилади.
Ўз иштирокини «D» гуруҳида бошлаган Ўзбекистон терма жамоасини олдинда яна 3 та ўйин кутиб турибди. Таниқли футбол мутахассиси Алишер Никимбаевнинг ёзишича, Ўзбекистон терма жамоаси учала ўйинни ҳам июнда ўтказиши мумкин.
Мутахассиснинг фикрларига кўра Яман — Ўзбекистон учрашуви март ойида ҳам ўтказилиши мумкин, яъни учрашув ҳозирча расман июнь ойига кўчирилмаган. Агар учрашув кўчирилса, Ўзбекистон термасининг ЖЧ—2022 саралашидаги қолган ўйинлар тақвими қуйидагича кўриниш олади.
7 июнь
Яман — Ўзбекистон
Сингапур — Саудия Арабистони
11 июнь
Ўзбекистон — Сингапур
Саудия Арабистони — Фаластин
15 июнь
Саудия Арабистони — Ўзбекистон
Қайд этиш жоиз, «D» гуруҳи ўйинлари марказлашган ҳолатда қайси мамлакат мезбонлигида ўтиши ҳали ҳал этилмаган. Мезбон мақоми Ўзбекистон ёки Саудия Арабистонига берилиши мумкин.
Маълумот учун, саралашнинг кейинги босқичига ўз гуруҳларида ғолиб бўлган 8 та жамоа ва 2-ўринни эгаллаган энг яхши 4 та жамоа йўлланмани қўлга киритади. Агар ЖЧ—2022 мезбони Қатар юқоридаги 12 жамоанинг орасидан ўрин оладиган бўлса, у ҳолда 2-ўринни эгаллаган энг яхши кўрсаткичларга эга 5-жамоа 3-саралаш босқичига йўл олади.
Ўзбекистон терма жамоаси «D» гуруҳида 5 та ўйин ўтказган ҳолда 9 очко билан пешқадам бўлиб турибди. Битта кам ўйин ўтказган Саудия Арабистони ҳисобида эса 8 очко мавжуд. Сингапур 7 очкоси билан 3-ўриндан, Яман бўлса 5 очко билан 4-поғонадан ўрин олган. Сўнгги ўринни эса 4 очкога эга Фаластин банд этган.