Ўзбекистон терма жамоаси ва Хитойнинг «Тяньцзинь Тэда» клуби ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедов «Sports.uz» сайтига берган интервьюсида Эктор Купернинг нима сабабдан терма жамоа бош мураббийлигидан истеъфога чиқарилгани ҳақидаги саволга жавоб бериб ўтди.
"Футболдай шундай нарса бор, қандай мураббий бўлишидан қатъи назар биринчи ўринда натижа туради. Натижа бўлмадими, минг яхши мураббий бўлмасин, олиб ташланади, ҳамма жойда ҳам шу. Балки, унинг тактикаси бизга тўғри келмагандир ёки бизга ҳимоявий ўйин тўғри келмас. Ундан бошқа мураббий келиб, бундан-да ёмон натижа қилиши ҳам мумкин эди. Ўйлашимча, уни натижа учун олиб ташлашди.
Шунингдек, терма жамоа сардори аргентиналик мутахассиснинг услуби ҳақида ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Агар Россия ва Хитойда бирга ишлаган мураббийлар билан солиштирадиган бўлсам, унинг машғулот жараёнлари эскича эди, янгилик йўқ. Чунки футболда ҳар куни янги нарсалар, янги тактикалар чиқмоқда. Унда эса кўпроқ эскича услуб ва бир хилликни кўрдим. Лекин футболчиларга мотивация ва ишонч беришда, одамгарчилик борасида жудаям яхши инсон", — деди Одил Аҳмедов.
Эслатиб ўтамиз, Эктор Купер 2018—2019 йилларда Ўзбекистон терма жамоасини бошқарганди. Терма жамоа унинг бошқарувида 17 та ўйин ўтказиб, 7 та ғалаба, 6 та мағлубият ва 4 та дуранг қайд этган. Тўплар нисбати эса 19-16 ни ташкил этган.
Аҳмедов фаолияти мобайнида «Пахтакор» (2006—2011), «Анжи» (2011—2014) ва «Краснодар» (2014—2016) каби жамоаларда ҳаракат қилган.