Олмалиқнинг АГМК-W жамоаси ўтган 2020 йилда аёллар ўртасида ўтказилган мамлакат чемпионати олий лигасида 12 жамоа орасида 5-ўринни банд этди. Жамоа раҳбарияти ва мураббийларининг асосий мақсади фақат натижагина эмас, балки муваффақиятларга босқичма-босқич эришишдир. Шу йўлда клуб қошида бир нечта ёшлар гуруҳлари ташкил этилган, уларда турли йилларда туғилган ёш қизлар қунт билан футбол сирларини ўрганишмоқда. Жамоа бош мураббийи Илҳом Ханжариевдан жамоанинг янги мавусмга тайёргарлиги, бу мавсумдаги мақсад ва режалари, аёллар футболи борасидаги ўзгаришлар хусусидаги фикрлари билан қизиқдик.
- Жорий йилги мавсумдан ниятларимиз катта. Жамоанинг бир қатор етакчи ўйинчилари Олмалиқни тарк этишди, лекин уларнинг ўрнини ўзимизнинг футбол мактабимиз тарбияланувчилари эвазига тўлдиряпмиз. Бир сўз билан айтганда жамоамиз таркиби бу йил сезиларли равишда ёшаради. Шу ўринда янги мавсумдан ҳар бир ҳудудда 14 ёшлилар, олий лига жамоалари қошида эса 16 ёшлилар гуруҳларининг фаолият юритиши айни муддао бўлди.
Аёллар жамоаларининг мусобақада қатнашиш аъзолик бадалларидан озод этилгани ва иқтисод қилинган маблағ жамоанинг структурасини янада яхшилашга, болалар ва ўсмирлар гуруҳларини очиш, жамоаларга ёш қизларни жалб этиш, уларга футбол сирларини ўргатиш, мураббийлар малакаларини ошириш каби харажатларга сарф этилишига имконият яратилди.
Бир сўз билан айтганда, бу йилги аёллар ўртасидаги мусобақалар ҳар йилгиданда рақобатбардош, қизиқарли, кескин курашларга бой, тартибли ўтишига ишончим комил, - деди мутахассис.