Ўтган йили ёзда Туркияда авж олган коррупцион можаронинг бош айбдорларидан бири сифатида қўлга олинган ва ҳозирда четга чиқмаслик шарти билан ўз уйида ҳибсда сақланаётган "Фенербахче" президенти Азиз Йилдирим матбуотда яна бир шов-шув кўтарди.
14 январь куни Азиз Йилдрим ва бошқа фигурантлар устидан қўзғатилган жиноий иш бўйича суд ўз ишини бошлаши керак. Куни кеча Туркиянинг "TV 8" телеканали Азиз Йилдирим билан суҳбат қурди ва суҳбат чоғида собиқ президент жуда шов-шув бўлиши кутилаётган айрим воқеалар хусусида оғиз очди.
"Мен сабрсизлик билан суд жараёнининг бошланишини кутаяпман. Бу иш билан боғлиқ бир қанча ҳужжатлар менинг қўлимда эканлигини ҳисобга олсак, менинг айтадиганларимни ҳеч ким инкор қила олмайди. Менинг сўзларимдан бутун Туркия ҳали ҳайратга тушади. Менгача ҳеч бир одам айтишга журъат қила олмаган ҳақиқатларни ҳамма билиши керак. Бутун жамият менинг сўзларимдан кейин ҳайратга тушиши аниқ. Бу ишни бошлаганлар менинг 13 йил давомида амалга оширган ишларимни, меҳнатимни йўқ қилишни режалаштирганлар. Янги стадион инфратузилмаси ва бошқа бир қанча ишлар учун 23 миллон еврога яқин пул сарфлаганман. Бу пулларни улар ўйлаганчалик бировлардан ундириб эмас, ўз ёнимдан сарф қилдим. Агар барча пулларимни фақат трансферлар учун сарфлаганимда, "Фенербахче" ҳар йил Туркияда чемпион бўлар эди. Яқин кунларда барча ҳақиқатни ошкор қиламан", - дейди "Фенербахче" нинг собиқ президенти, ТВ ходимларига берган интервьюсида.
Бугун унинг ушбу интервьюси яна матбуотда, Турк футболи жамоатчилигида қизғин муҳокама қилинмоқда.
Туркия давлат айбловчиси, Меҳмет Берк Азиз Йилдиримни 59 йилдан 132 йилгача бўлган муддатга қамоқ жазоси тайнланишини сўраган.