«Ливерпуль» футбол клуби 2020/21 йилги мавсумда марказий ҳимоя чизиғида жиддий муаммоларга дуч келмоқда.
90Min порталининг хабар қилишича, мерсисайдликлар жорий мавсумда жами 18 хил марказий ҳимоячилар жуфтлигидан фойдаланган. Мавсум давомида ушбу чизиқда жами тўққиз нафар футболчи ҳаракат қилган. Уларнинг икки нафари — Фабиньо ва Жордан Ҳендерсон асли позицияси марказий ярим ҳимояда бўлса-да, ҳимоя чизиғида тўп суришга мажбур бўлган.
Эслатиб ўтамиз, «Ливерпуль»нинг етакчи ҳимоячиси Виржил ван Дейк оғир жароҳат сабаб мавсум бошидан бери ўйнай олмаяпти. Нидерландиялик футболчи 24 февралдан яккалик машғулотларини бошлади.
Шунингдек, мавсум давомида Жо Гомез, Жоэл Матип, Фабиньони ҳам жароҳатлар безовта қилмоқда. Ўтган ҳафтада эса Юрген Клопп жамоаси яна бир йўқотишга учради: Ҳендерсон жароҳат туфайли сафдан чиқди.
«Ливерпуль» Премьер Лига 25-туридан кейин 40 очко билан 6-ўринда бормоқда ва пешқадам «Манчестер Сити»дан 19 очкога ортда қолган.