"Ростов" ярим ҳимоячиси Эдгарас Чеснаускис таътилни қандай ўтказгани ҳақида сўзлаб, клубдаги молиявий муаммоларни қайд этиб ўтди. Бу ҳақда Sportbox.ru хабар бермоқда.
"Таътилнинг биринчи қисмини Амирликларда ўтказдим, Дубайда дам олдим. Кейин ватаним Литвага қайтдим — байрамлар муносабати билан. "Ростов"даги жамоадошларим Антон Коченков ва Александр Гацканлар ҳам БААда дам олишди. Дубайда собиқ жамоадошларим — динамочи Александр Кокорин ва Антон Шунинларни ҳам кўрдим", деди Чеснаускис.
"Ростовда ҳаёт қандай? Агар Москва билан таққослайдиган бўлсам, ҳаммаси ҳам кўнгилдагидек эмас. Пойтахт жамоалари, албатта, савия борасида устунроқ. Молиявий масалаларда ҳам "Ростов"да муаммо бор: маошни вақтида беришмайди, катта кечикиш билан қабул қилиб оламиз. Аммо бундан ҳам баттарроқ, масалан, "Томь"дагидек ҳам бўлиши ҳам мумкин. Шунчаки, ҳозир маошимиз жуда ҳам кечикмоқда, аммо биз сабр қилаяпмиз — кутаяпмиз, нима бўларкин, деб. Қанчалигини ҳатто эслолмайман ҳам, аммо уларга кам бўлмаган пулни беришлари керак. Тўғри, Янги йил арафасида мукофот пулларини беришди", дея қўшимча қилди Чеснаускис.
"Ростов" Россия чемпионатидаги 32 тур якунига кўра, 36 очко тўплаб, 10-ўринни эгаллаган ва мусобақанинг учинчи даврасида "В" гуруҳида лигада жон сақлаб қолиш учун кураш олиб боради.