Ўзбекистонлик футболчи Жасур Жалолиддинов фаолиятини «Андижон» клубида давом эттиради. Андижонликлар матбуот хизмати 18 ёшли футболчи билан шартнома имзоланганини расман маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Жалолиддинов 2020 йилда Москванинг «Локомотив» клубига йўл олганди. Бироқ Жасур «темирйўлчилар» асосий жамоасида ўйин амалиётига эга бўлолмади ва «Тамбов»га ижарага берилди. «Тамбов»да ҳам футболчи Россия Премьер Лигасида бирорта ўйин ўтказмади. 2021 йил бошида Жалолиддинов «Локомотив М» билан шартномани бекор қилди ва эркин агентга айланганди.
Жасур Жалолиддинов — 2002 йил 15 майда Навоийда туғилган. 2018 йил 2 август санасида «Бунёдкор» сафида Суперлига доирасида дебют ўйинини «Қўқон-1912»га қарши ўтказган. У дебют қилган вақтда 16 ёш 80 кунлик эди. Бу орқали у Ўзбекистон чемпионатида майдонга тушган энг ёш футболчига айланганди. 2019 йил октябрида The Guardian талқинига кўра, дунёнинг энг истеъдодли 60 футболчиси рўйхатида қайд этилган. 2019 йил якунларига кўра, Суперлиганинг энг яхши ўйинчиси деб топилган. 2019 йил декабрида Италиянинг «Беневенто» клуби кўригида бўлган.