Бугунги кунга келиб ҳам ўз даражасини йўқотмаётган Лео Месси футбол тарихидаги кам сонли даҳолардан бири. Ўтган йили клубдан кетиш-кетмаслиги борасида анча-мунча шов-шувларни келтириб чиқарган Месси ўзининг (балки) сўнгги мавсумига келиб майдонга борини ташлаяпти, кетар чоғида ҳам ўз имзосини бутун футбол оламига сезиларли қилиб кўрсатиб кетмоқчи.
Stadion.uz бу гал аргентиналик юлдузнинг жорий мавсум эришиши кутилаётган бир қатор диққатга сазовор рекордлари хусусида сўз юритади.
1. 13 мавсумдан бери 20 тадан зиёд гол урган биринчи футболчи
Ушбу статискани бежизга келтирмадик. Бу ерда зимдан қаралса Роналду ва Мессининг кураши ҳалиям принципиал аҳамият касб этаётганини илғаш қийин эмас. Қизиқ томони, ҳар иккала футболчи ҳам 20 дан зиёд голни айнан сўнгги 12 мавсумдан бери уриб келишяпти. Жорий мавсум эса ички чемпионатда ҳар икки юлдузда ҳам бир хил 19 гол мавжуд. Кўриниб турибдики, рекордга атиги 1 гол қолган холос.
2. Чемпионлар лигаси плей-оффида 50 та гол урган иккинчи футболчи
Месси учун халқаро майдонлар ҳар доим ҳам омадли турнир саналиб келган. Умуман олганда Лео ҳар бир мусобақада дадил тарзда ўз сўзини айтиб келган. Чемпионлар лигасини ҳам бемалол унинг учун аталган турнир деса бўлади. Қаҳрамонимиз ЕЧЛ плей-оффларида гол уриш бўйича анча сермаҳсул кўрсаткичга эга. Ҳозирча унинг ҳисобида бу босқичда жами 48 та гол мавжуд. Бу борада ундан юқорироқ кўрсаткични фақатгина Криштиану Роналду қайд этган (67).
Мессида эса 50 лик довонга етиш учун атиги 2 та гол қолган. «Барселона»ни нимчорак финалда анчайин мураккаб рақиб кутиб турганини ҳисобга олсак, катта эҳтимол «кўк-анорранглилар» мусобақани бу йил ҳам эрта тарк этиш арафасида бўлиб турибди. Албатта, ушбу омил ҳам Мессини юқоридаги рекорддан узоқлаштириши турган гап. Бироқ биз тилга олаётган барча тахминлар тахминлигича қолади ва буларнинг барчаси вақт билан боғлиқ жараёнлардир.
3. ЕЧЛда 9 та хет-трик қайд этган илк футболчи
Чемпионлар лигаси тарихида энг кўп хет-трикка эришган футболчилар айнан Месси ва Роналду ҳисобланишади (8 тадан). Кўриб турганингиздек, тақдир бу йўлда ҳам уларни яна бирлаштирмоқда. Месси мусобақанинг жорий мавсумида агар бир учрашув давомида 3 та гол урадиган бўлса, бу унинг учун умумий ҳисобдаги 9-си бўлиб ёзилади. Бироқ ушбу натижани биринчи бўлиб забт этиш учун Роналдуда яхшироқ имконият мавжуд.
Гап шундаки, «Ювентус» ўз плей-офф учрашувини «Барса»дан олдинроқ ўтказади. Бундан ташқари «кекса синёра»нинг сафар баҳсида ҳам ютказиб келганини ҳисобга олсак, Кришда жавоб ўйини олдидан етарлича мотивация йиғилиб қолган. Мессини эса Парижда Мбаппе бошлиқ жиддий армия кутиб турибди.
4. 8-"Пичичи" мукофоти
Ушбу соврин Ла Лиганинг бир мавсум давомидаги энг кўп гол урган футболчисига берилишидан хабарингиз бор. Месси ушбу кўрсаткич бўйича ҳам мутлақ рекордчи ҳисобланади (7). У ўтган йили 26 та гол билан ушбу совринга эга чиққан эди ва бу рўйхатда Телмо Заррани (6) ортда қолдирган. Лео гарчи жорий мавсумни энг ёмон стартда бошлаган бўлсада ҳозирга келиб яхши темпга тушиб олган ва тўпрурарлар рўйхатида 19 та гол билан биринчи ўринда кетмоқда.
Агар у мана шу суратда давом этадиган бўлса, катта эҳтимол мавсум якунида ҳам Пичичи совринини ҳеч кимга бериб қўймайди ва ушбу мукофотни кетма-кет 4 марта қўлга киритган Ла Лига тарихидаги ягона футболчига айланади.
5. Ла Лиганинг 18 мавсумидан бери гол уриб келаётган ягона футболчи
Месси Испанияда ўз дебютини амалга оширгандан бери (2004-05) шу пайтгача ҳеч бир мавсумни голсиз тарк этмаган. У Ла Лига тарихидаги 17 мавсумда гол урган ягона ўйинчи ҳисобланади. Агар жорий мавсумни ҳам ўз қарорида қолган ҳолда «Барселона»да якунламоқчи бўлса унинг бу церийаси 18 тага узаяди. Мусобақадаги голлари сони эса ҳозиргача жами 463 тани ташкил этмоқда ва бу фақат битта ички чемпионат давомида қайд этилган футбол тарихидаги ягона кўрсаткич ҳам ҳисобланади.
6. Чемпионлар лигасининг 17 мавсумида гол урган илк футболчи
Қаҳрамонимиз ушбу рекордни қайд этиши учун «Барселона»да келаси мавсум ҳам қолишига тўғри келади. Чунки у ўтган йили мусобақадаги кетма-кет 16-мавсумида гол уришнинг уддасидан чиққан ва бироз вақт ўтгач, Карим Бензема унинг бу рекордини янгилаган эди. Энди юқоридаги икки футболчи бу борадаги мутлақ рекорд учун кураш олиб боради.
Месси ёзда клубини тарк этса ҳам бу натижани қайд этиш эҳтимоли барибир юқорилигича қолаверади. Бироқ, у «Барса»да ҳали бу каби довонларнинг яна бир қанчасини бемалол босиб ўтиши мумкин.
7. Чемпионлар лигасидаги энг яхши ассистент
Леода ЕЧЛдаги самарали узатмалар сони 36 тани ташкил этади. Бу борадаги энг яхши кўрсаткич эса Криштиану Роналдуга тегишли - 41 та. Кўриб турганингиздек, аргентиналик футболчида ушбу натижани ўзиники қилиб олиш учун ҳали жорий мавсум кичик бўлсада имконият мавжуд. Ўз навбатида Криш ҳам «Ювентус»га ўтганидан бери ассистентлик борасида мақтанарли натижалар қайд эта олмаяпти.
8. Терма жамоасида энг кўп ўйин ўтказган футболчи
Месси миллий терма жамоа миқёсидаги ўйинларда сермаҳсул натижаларга эриша олмаган. Бироқ у айни дамда Аргентина тарихидаги энг яхши ўйинчилардан бири ҳисобланади. Лео миллий терма жамао либосида энг кўп ўйин ўтказиш бўйича ҳозирча 3-поғонани банд этган (142). Бу йўлда у Маскерано (147) ва Занетти (143)лардан ортда бормоқда холос.
Юқоридаги икки футболчининг фаолиятини якунлаганини ҳисобга олсак, олдинда турган Копа Америка ҳамда Жаҳон чемпионати мусобақалари «La Pulga»ни бу борада биринчи ўринга олиб чиқиши турган гап. Шунингдек, Месси миллий терма жамоа тарихидаги энг яхши тўпурар ҳам ҳисобланади. Унинг ҳисобида 71 та гол мавжуд.