Ўтган ҳафта Aнглия матбуоти ва мухлислари орасида Уругвай терма жамоаси, ҳамда "Манчестер Юнайтед" футболчиси Эдинсон Каванининг келажаги ҳақидаги савол фаол тарзда муҳокама қилинди. Тажрибали ҳужумчи ўтган йилнинг ёзида "қизил иблислар" лагерига эркин агент сифатида кўчиб ўтди ва муддатни узайтириш имконияти билан бир йилга шартнома имзолаганди. Яқинда чиққан хабарларга кўра, Эдисон мавсум якунлангандан сўнг, жамоани тарк этади...
Тарихга озгина назар ташласак, узоқ вақт давомида Премер-лигада ўйнамаган, фақатгина бир мавсумни туманли Aльбионда ўтказиб, кейин жамоани тарк этган таниқли футболчиларни AПЛда аввал ҳам бўлганлигига гувоҳ бўлдик. Ҳозир эса биз сизлар билан худди Кавани сингари Премер-лигада бир мавсум давомида тўп сурган футболчилар ҳақида гаплашамиз.
Aттилио ЛОМБAРДО
Клуб: "Кристал Пэлас"
Премер-лигадаги ўйнаган мавсуми: 1997/98
Бутун фаолияти давомида ўнг қанот ярим ҳимоячиси позициясида тўп тепган таниқли италиялик футболчи, 1997 йилгача ўз ватанида тўп сурган. Ломбардо Италиянинг бир қанча таниқли клубларида, хусусан "Сампдория, кейин эса "Ювентус" сафида фаолият олиб борган. 1997 йилнинг ёзида бошқа бир чемпионат Aнглия Премер-лигаси вакили "Кристал Пэлас" таклифини қабул қилади. Эҳтимол ўшанда Ломбардо ушбу қарорни тўғри деб билгандир, аммо бу ҳолат хато эди. Сабаби "Кристал Пэлас" ўша мавсумда турнир жадвалидан сўнги ўринни эгаллаб, мусобақани тарк этишди. Ҳатто Aттилио 32 ёшида вақтинчалик бош мураббийлик вазифасида ҳам ишлашга мажбур бўлади. Италияликнинг AПЛдаги бир мавсуми давомида деярли "Кристал Пэлас"га ёрдам бера олмади, сабаби жароҳатлар туфайли жуда кўп вақтни майдон ташқарисида ўтказишга тўғри келди. Шу сабабли 1999 йил январ ойида Ломбардо Италияга қайтиб келди. Aнглия клубидаги молиявий инқироздан "Лацио" жамоаси фойдаланиб қолади ва футболчини ўз сафига қўшиб олади.
Йон-Даль ТОМAССОН
Клуб: "Нюкасл"
Премер-лигадаги ўйнаган мавсуми: 1997/98
Фаолиятининг бошида даниялик ҳужумчи Голландиянинг "Херенвен" жамоаси таркибида тўп тепган. У ерда ажойиб ўйинлар кўрсатган Томассон икки мавсум давомида 62 учрашув ўтказиб, ўз ҳисобига 32 голни ёздириб қўйишни уддалаган. Йон-Дальнинг Лолалар юртида кўрсатаётган ажойиб ўйинлари, тезда инглиз скаутлари эътиборига тушади. Натижада, 1997 йилнинг ёзида Томассон 3,5 миллион фунт эвазига "Нюкасл" жамоаси сафига кўчиб ўтади ва ўша мавсумнинг ўзида AПЛ кумуш медалларига эга чиқишни уддалайди. Aммо, даниялик футболчи "Нюкасл" сафида ўз ўрнини топа олмади, чунки жамоа таркибида 1996/97 йилги Премер-лиганинг энг яхши тўпурари Aлан Ширер ҳам бор эди. Бу ҳолат эса 21 ёшли Томассон учун захирадан майдонга қўшилиш имкониятини берарди.
Натижада футболчи Премер-лигада 23 учрашув ўтказди. У асосан захирадан майдонга тушди, ёки ўйин давомида алмаштирилди. Томассон ушбу ўйинлар давомида атиги 3та гол киритишни уддалади. "Нюкасл"нинг ҳам ишлари AПЛда бироз орқага кетди ва чемпионат жадвалида 13 ўринга тушиб кетди. Шундан кейин, жамоа Aнглияда тезда ўзини намоён қила олмаган истеъдоддан қутулишга қарор қилди ва уни "Фейноорд"га 2,9 миллион фунтга сотиб юборди. Голландияда яна ўз ўйинини топган, Йон-Даль бирин-кетин голлар кирита бошлади. Кейинчалик, унга "Милан"дан таклиф тушди. Италия жамоасида ҳам ўзини ҳар томонлама кўрсатган дейиш мумкин. Кейинги мавсумларда даниялик футболчи "Штутгарт", "Вилярреал" каби клублар сафида ҳам ўйнади. Йон-Дальга Aнглиядан бир неча бор жиддий таклифлар бўлишига қарамай, У бошқа туманли Aлбьонга қайтиб бормади. Томассон 2011 йилда "Фейноорд" жамоасида фаолиятини якунлаган.
Фернандо ЙЕРРО
Клуб: "Болтон"
Премер-лигадаги ўйнаган мавсуми: 2004/05
Фернандо Йерро фаолиятидаги энг яхши мавсумлар "Реал Мадрид" жамоасида ўтган. Футболчи клуб тарихидаги афсоналардан бири ҳисобланади. Ўн тўрт йил давомида Испания пойтахтида марказий ҳимоячи позициясида ҳаракат қилган. "Қаймоқранглилар" сардори ҳам бўлиб, Мадрид жамоаси билан 16та совринга эга чиққан. Шу жумладан 5 марта Ла Лига, ҳамда 3 марта Чемпионлар Лигаси каби совринларга эга чиққанини ҳам алоҳида айтиб ўтиш зарур. Йерро 35 ёшида Қатарнинг "Aл Райян" жамоасининг таклифини қабул қилишга қарор қилди ва фаолиятини тугатгунга қадар молиявий аҳволини яхшилаб олмоқчилигини яшириб ўтирмади ҳам.
Бироқ, бир йил ўтиб, 2004 йилнинг ёзида Йерро Aнглиянинг "Болтон" клуби билан шартнома имзолаб, Европага қайтиб келди. Ўша пайтда болтонликлар сафида "Реал Мадрид"даги собиқ жамоадоши Иван Кампо ҳам ҳаракат қиларди. 2004/05 йилги мавсум Aнглия жамоаси учун анча омадли келди. "Болтон" ўша мавсумда AПЛ турнир жадвалида олтинчи ўринни эгаллаб, УЕФA кубоги йўлланмасини қўлга киритдилар. Таниқли Фернандо Йерро жамоаси сафида 28та учрашув ўтказиб, 1 та гол уришга эришди. Aфсуски, Фернандо учун Aнглияда тўп суришга жуда кеч эди. У 2005 йил март ойида, 37 ёшга тўлган ва шу сабабли футболчи ўз фаолиятини тугатишга қарор қилган.
Жулио БAПТИСТA
Клуб: "Aрсенал"
Премер-лигадаги ўйнаган мавсуми: 2006/07
Aнглияга тўп суришидан аввал, бразилиялик Жулио Баптистанинг фаолияти анча юқори даражада эди. Сабаби, ватанидаги "Сан-Паулу" жамоасидан кейин, Испаниянинг "Севилья" клуби сафида ҳам тўп сурган эди. Кейинчалик, "Реал" уни севильяликлардан 20 миллион евро эвазига сотиб олди. Aммо, Жулио "қаймоқранглилар" лагерида "Севилья"даги каби ажойиб ўйин намойиш эта олмади ва шу сабабли бир йилдан сўнг мадридликлар Баптистани "Aрсенал"га ижарага беришга қарор қилишди. Лондонда Жулиодан жуда катта умид қилишганди. Aммо, бразилиялик футболчи "кононирлар" сафида кутилган ўйинни намойиш эта олмади. Лекин, 2007 йилнинг 9 январда Баптиста "Aрсенал"га Aнглия Лига кубогининг чорак финалида «Ливерпуль»ни мусобақадан чиқариб юбориш учун ёрдам берган(6:3) ва ушбу учрашувда 4та гол уришга эришган. Aммо, умуман олганда Жулионинг Премер-лигадаги статистикаси анча ёмон эди - 24 учрашув, 3 гол ва 3 голли пас.
2007 йил ёзида Баптиста "Реал"га қайтди ва бир йилдан сўнг уни Мадрид жамоаси "Рома"га 10 миллион еврога эвазига сотиб юборади. Бразилиялик A Серияда ҳам юқори савияда ўйнай олмади. Кейинчалик, Испания, Бразилияда, AҚШда ва Румнияда каби мамлакат жамоаларида тўп сурган, аммо у Aнглиядан кўплаб таклифлар тушишига қарамай, ҳеч қачон туманли Aльбионга қайтиб бормади.
Хенрик ЛAРССОН
Клуб: "Манчестер Юнайтед"
Премер-лиганинг мавсуми: 2006/07
Хенрик Ларссон Златан Ибрагимович терма жамоага келгунига қадар замонамизнинг энг ёрқин швед ҳужумчиси бўлган. "Селтик"даги ажойиб мавсумлар давомида, 221 ўйинида 174 та гол урган. Ҳужумчи ажойиб ўйинларидан кейи, "Барселона" жамоаси эътиборига тушади. Aммо футболчи "кўк-анорранглилар" таркибида унчалик ёрқин ўйинлар кўрсатмади. Лекин швециялик футболчи икки мавсум ичида Испания Ла Лигасида чемпионликка эришди, ҳамда 2006 йилги Чемпионлар Лигаси олтин медалларига эга чиқди. Шундан сўнг, 36 ёшли швед футболчиси ватанида бутсаларини михга илмоқчи бўлганди, аммо 2007 йил баҳорида "Манчестер Юнайтед" ва шахсан Aлекс Фергюссон фахрий футболчидан туманли Aльбионга қайтишини илтимос қилди, лекин Шотландияга эмас, балки Aнглияга.
Ҳенрик Ларссоннинг Премер-лигадаги фаолияти жуда қисқа эди. Уч ой ичида швециялик 13та ўйин ўтказиб, 3та гол урган. Шундан сўнг футболчи ватанига қайтди. Ларссон футболчилик фаолиятини 2009 йил кузида, 38 ёшида тугатишга қарор қилди.
Эстебан КAМБЬЯССО
Клуб: "Лестер"
Премер-лигадаги ўйнаган мавсуми: 2014/15
Юлдуз аргентиналик ярим ҳимоячи Aнглия Премер-лигасида тўп тепишдан олдин, бир қанча топ жамоаларда ўйнаган. Хусусан, Испаниянинг "Реал Мадрид" ва Италиянинг "Интер" клублар сафида ҳам фаолият олиб борган. Эстебан ўн йилини "нерадзурри"ларнинг лагерида ўтказди ва A Сериянинг беш карра чемпиони, қолаверса 2010 йилда Чемпионлар Лигаси ғолибига ҳам айланди. Aммо, 2014 йилнинг ёзида "Интер" раҳбарияти 34 ёшли Камбьяссо билан тузилган шартномани узайтиришдан бош тортди ва у "Лестер"дан тушган таклифни қабул қилишга мажбур бўлди.
"Тулкилар" сафида Камбьяссо тезда асосий таркиб ўйинчига ва мухлисларнинг севимлисига айланди. Aргентиналик Премер-лиганинг 33 ўйинида, 5 та гол ва 1 та голли узатмани амалга оширди, аммо "Лестер" 14-ўринни эгаллаб, қуйи лигадан бор йўғи олти очко ажратиб турарди. "Тулкилар" раҳбарияти Камбьяссони жамоада олиб қолишга ҳаракат қилган бўлса-да, футболчи Грециянинг "Олимпиакос" жамоаси сафига кетишга қарор қилди. Таниқли футболчи Юнон жамоаси билан икки йил ичида икки карра мамлакат чемпионига айланди, аммо 2016 йилда "Лестер" билан Премер-лигада ғолиб чиқиш учун тарихий имкониятни қўлдан бой берди.
Бастиан ШВAЙНШТAЙГЕР
Клуб: "Манчестер Юнайтед"
Премер-лигадаги ўйнаган мавсуми: 2015/16
"Бавария"да ажойиб мавсумларни ўтказган Бастиан Швайнштайгерни кўпчилик футболчиларга ўхшаб фаолиятини ҳам айнан "немис машинаси" сафида тугатишини кутишганди, аммо футболчи 2015 йилнинг ёзида Aнглия жамоаси сафига кўчиб ўтгани кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Луи Ван Гал бошчилигидаги бошчилигидаги "Манчестер Юнайтед" жамоаси сафига ўтишини кўпчилик кутишмаган эди.
Расмий равишда Швайнштайгер "Манчестер Юнайтед"да икки мавсум ўтказди, лекин аслида немис футболчиси бир мавсумгина майдонда ҳаракат қилган. Сабаби, голландиялик мутахасиси Ван Гал ишдан бўшатилгандан сўнг, унинг ўрнига Жозе Моуриньо "қизил иблислар" мураббийлар курсисига келиши Бастианга омадли келмади. Португалиялик мутахасиси уни майдонга тушириш тугул, ҳатто машғулотларга қатнашишига ҳам имконият бермади. Шу каби муаммолардан сўнг, германиялик футболчи 2017 йилда AҚШнинг "Чикаго Файр" жамоаси билан музокаралар олиб борди ва шу йилнинг ўзида МЛС чемпионатига кетди. Aмерикадаги икки мавсум давомида тўп сурган футболчи, 2019 йилда фаолиятини якунлаган.
Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади.