Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

«Вилла»га содиқ сардор

Баҳо:
+ | -

Сўнгги йилларда Англияда иқтидорлар етишмовчилиги кузатилмаяпти, аммо шу паллада ҳам Жек Грилиш ўзини намоён эта олди. У аллақачон вундеркиндлик босқичидан ўтиб улгурган, айни пайт ўзини етилиб улгурган юлдуз сифатида ҳис қилиши мумкин. У - «Астон Вилла» қаҳрамони, бўлажак Евро-2020да «уч шерлар» умиди.

Бизнинг даврда, футбол томошабинлари барча нарсани кўрган ва танқидга ўч бўлган пайтда, Грилиш барибир кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда. Бразилияликларга хос техникага эга англиялик ярим ҳимоячининг ўйинига хушторлар бисёр. Унинг ҳаракатлари кимгадир ёқмайди, ким учундир намуна. Ҳар доим шундай бўлган - ишонмасангиз, ҳаётида бундай иқтидорли йигитларнинг кўпини кўрган скаут Жим Томасдан сўранг. У Жекдаги истеъдодни 6 ёшлигидаёқ пайқаган. Таассурот ҳам ёрқин - мутахассис ўша 2022 йилнинг якшанбасида рўй берган воқеаларни икир-чикиригача яхши эслайди.

«Уни пайқамаслик мумкин эмасди, - деганди Томас ўтган йили

Birmingham Mail газетасига берган интервьюсида. — Нигоҳларим унга қаратилиши ҳамоно, тўпни эгаллаб, жарима майдончаси томон югурди. Йўл-йўлакай бутун жамоани алдаб ўтди. Жуссаси кичик эди, нимасидир Марадонани эслатарди».

Жим бир сония ҳам йўқотмай, Жекнинг онасига ўзини таништирди ва унинг ўғлини «Астон Вилла» академиясига таклиф қилди. Жавоб: албатта! Отаси Кевин сингари, Жек ҳам «Вилла»нинг ашаддий мухлиси эди - тўқ қизил ва мовий рангларга меҳр унга она сутидан ўтган. Илк маротаба «шерлар» ўйинига 4 яшарлигида борган - ўшанда бирмингемликлар Англия кубоги доирасида «Лидс» устидан 3:2 ҳисобида зафар қучишганди. Жек 7 ёшга тўлганда, мавсумий абонемент олишга эришди.

Улғайгани сари, Жек «Вилла» сафида 13 мавсум ўйнаб, АПЛнинг энг яхши тўпурари бўлган кумири Габби Агбонлахордан нималарнидир ўрганишга киришди. Бир пайтлари Англиянинг бош юлдуз ҳужумчиси бўлиши кутилган Агбонлахор миллий терма таркибида атиги 3та ўйин ўтказди, бироқ клубда уни афсона сифатида ҳурмат қилишарди. Бу 2015 йилда содир бўлиб, ўшанда Жек 19 ёшда эди. Ўша йилнинг январида ўтказилган «Блэкпул»га қарши баҳсда кумирининг кўз ўнгида илк бор майдонга тушди, Премьер-лигадаги дебютини апрелда нишонлади, Англия кубоги баҳсларида «Ливерпул»нинг финалга чиқолмаслигига ҳисса қўшди.

Жек учун Габби - намуна олиш воситаси, кумири эса қаҳрамонимиз манзилига мақтовлар йўллайди. Грилишни энг истеъдодли футболчи сифатида билиши, бирга ўйнаганидан фахрланишини айтиб, уни Андрес Иньестага ўхшатади.

Ўз клубига шундай кучли меҳр қўйган футболчининг муваффақиятини кузатиш ҳар доим ҳам учрайвермайди. Аммо бу табиий ҳол, зеро Жекнинг отаси 40 йилдан буён «Астон Вилла»нинг ҳар битта ўйинини стадиондан туриб кузатади. У 1981 йили чемпионлик қўлга киритилганини кўрган, келгуси мавсум Европа забт этилишига гувоҳ бўлган, 1996 йили футболчилар бошлари узра Лига кубогини кўтаришганидан қувонган. Катта бобоси Билли Гэррети «Вилла» сафида тўп суриб, узоқ 1905 йилда Англия кубоги олтин медалларига эга чиққан. Унинг ҳисобида Англия термасида битта ўйин бор, бу борада Жек олдинга чиқиб улгурди.

Бундай футбол тарихига эга оила вакилининг футболчи бўлмаслиги қийин эди. Аммо Грилиш нафақат тўп тепишни яхши кўрадиган оддий болакай, балки кам учрайдиган иқтидор соҳибидир. Тўпдан ажралмаслик иштиёқи билан бошлаб, ҳақиқий юлдуз даражасига эришди. Умуман, табиат инъом этган истеъдоднинг ўзи камлик қилади - меҳнатнинг ҳам ўрни беқиёс. У ҳар куни ишлашдан тўхтамасди. Салихаллдаги уйнинг орқа ҳовлиси, шаҳар парки, ўнг келган жойда шуғулланаверарди. Асосийси, тўп ёнида бўлса бас. Ҳар куни янги финт, янги вазифа ёки лойиҳа ўйлаб топиларди. Жек «Астон Вилла»да ҳафтасига уч кун машғулот ўтказар, шунга қарамай, ҳар сафар 50 километр масофани босиб етиб келишдан асло зерикмасди. Футболдан чарчаб бўлмасди.

Клубнинг ўзига келсак, у ерда ишлаётганлар аҳмоқ эмасдилар: аввал-бошдан барчаси маълум эди - Жек беназир. Шу боис, унга эҳтиёткор муносабатда бўлишар, ривожланиш жараёнида шошилмасдилар. Мураббийлар мувозанатни топишга интилардилар, чунки бир томондан футболчини ўзини тутишга ўргатиш, техникасига сайқал бериш, бошқа томондан, яхши одатларга йўналтириш талаб этиларди. Уни ўзидан каттароқ ёшдагилар ўйинларида майдонга туширишди, акс ҳолда, зерикиб қоларди. Грилишга қўполлик ишлатмасликларини таъминлаш мақсадида уни чап қанотга қўйишди.

Режа иш берди ва 2012 йилнинг мартида 16 ёшли Жек илк бор АПЛнинг нима эканлигини тушунди - захира ўриндиғида ўтирганча клубдошлари «Челси»га имкониятни бой беришаётганини кузатди. Кейинга мавсум у Европада тўп суриб, УЕФА ташкил этган NextGen Series турнирида қатнашди. Ўшанда «Вилла» умумий жамоага эга бўлсада, фақат Жек таркибдан тушиб қолмасликни уддалади, холос.

Мавсум-2013|14да Грилишни учинчи дивизиондаги ёши катта футболчилар билан бирга ўйнашга жўнатишди. «Ноттс Каунти» ўйинлари пайти техникаси юқори бўлган болакайни истаганларича тепишди, аммо қаҳрамонимиз нолимади, ҳатто қўшимча ўйин ўтказмоқчилигини айтди. Агар унинг 5 голи ва 7та самарали узатмаси бўлмаганда, жамоаси лигани тарк этишлари ҳеч гап эмасди.

Ўша мавсум трибуналардаги томошабинлар Жекнинг моҳир футболчига айланишини кузатишди. У катталар футболидаги дастлабки голини урди, ҳимоячиларни бамайлихотир алдаб ўтишни ўрганди, исталган масофадан зарбалар йўлашни ўзлаштирди. Мухлислар Грилишнинг отаси билан гол нишонлаганини ҳам кўришди. Ўшанда ҳакам унга тартиб бузгани учун «сариқ» кўрсатганди, аммо бу карточка Жекни асло ранжитмади: бармоқларини юқорига қаратиб, 2000 йилда вафот этган акаси Киланни хотирлади.

Уйига қайтганида, асосий таркибдан четда қолиш хаёлида ҳам йўқ эди. Яхшиямки, янги мураббий Тим Шервуд унга ишонч билдирди ва Грилиш Англия кубогида «Ливерпуль» устидан қозонилган ғалаба сабабчиларидан бирига айланди. Ўша учрашувда у ҳеч бир синов уни қўрқитмаслигини яна бир карра исботлади.

Аста-секин машҳурликка эришган футболчи ОАВ эътиборини ўзига қаратишга жазм этди: газеталар саҳифалари Англия термасининг янги умидига бағишланган сарлавҳалар билан тўлди. 2016 йилнинг кузида «Вилла» Грилишни Бирмингемдаги меҳмонхонада байрам кечаси уюштиргани учун жаримага тортди, декабрда эса йўл ҳаракати қоидаларини икки марта бузгани учун 9 ойга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинди.

Жекнинг Англия термасида тўп суриш ниятини билдиргани ирландларнинг ғазабига сабаб бўлди. Қаҳрамонимизнинг бобоси ва бувиси Ирландиядан бўлиб, ўсмирлар тоифасида айнан шу мамлакат жамоаси шарафини ҳимоя қилганди. Футболчи ўз қарорини Анг­лияда туғилиб, шу ерда улғайгани билан изоҳлади. Аммо мухлислар уни кечиришмади.

Расман англиялик бўлиш қарори чиқарилганидан 5 йил ўтиб, Грилиш «уч шерлар» таркибида дебют қилди. Бир ойдан кейин Уэльсга қарши ўртоқлик ўйинида ўзини кўрсатгач, спорт журналистлари мақтовларни аяшмади. Уларнинг ҳаракатларини Англия термаси устози Гарет Саутгейт ҳам қўллаб-қувватлади. Ушбу мутахассис ҳозирча Жекни Евро-2020га олиб кетиш масаласида ўйланиб турибди, мухлислар эса шубҳаларни эшитишни ҳам хоҳлашмаяпти: улар учун Грилиш энг яхши ҳисобланади. Тўғри, уни тез-тез йиқилишда айблашади, аммо ўйин пайти рақиблари Жекка нисбатан неча марта қоида бузишларини ҳам кўринг! Ўтган мавсум унинг оёғига 167 марта зарб беришди - чемпионат рекорди. Шунга ўхшаш кўрсаткични Чемпионшипда ҳам қайд этганди.

Англияда тўп суриш осонмас, Грилиш кўп чиғириқлардан ўтди. Аммо унинг айтишича, илк бор сардорлик боғичини таққан кун энг яхшиси ҳисобланади. Ишқибозларнинг таърифига кўра, айнан шу кундан эътиборан «Астон Вилла» қуйи дивизионга тушиб кетишдан чўчимай қўйган, Чемпионшип «плей-офф»лари бир четда қолиб, кубоклар учун кураша бошлаган.

«Астон Вилла» қийин даврни бошдан кечирганда, айнан Грилишнинг қаҳрамонлиги уни асраб қолди - аниқроғи, чемпионатнинг сўнгги кунида «Вест Хэм» дарвозасига урилган гол асқотди. Ўшандаёқ англиялик футболчи кучлироқ клубга кетадигандек туюлганди, бироқ у жамоаси билан янги беш йиллик шартнома имзолади. Энди уни харид қилиш янада мушкул вазифага айланади, зеро нархи 100 млн. фунтга етган. Умуман, нархи ошишидан ташқари, футболчининг ўсишда давом этаётгани ҳам аҳамиятли. Айтишларича, у барибир кетади, бироқ қаҳрамонимизнинг таржимаи ҳолига назар ташласак, буни амалга ошириши осон кечмаслигини тушуниш қийин эмас.

Ў.УМАРОВ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 09:00, 24.03.2021.
Ўқилди: 2698 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.