"Анжи" ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедов клуб расмий сайтида ташкил этилган савол-жавоб жараёнида ишқибозларнинг саволларига жавоб бераркан, муваффақиятга фақат меҳнат орқали эришиш мумкинлигини қайд этиб ўтди.
Барча саволлар ва жавобларни "Анжи" расмий сайтида ўқишингиз мумкин.
"Тўғрисини айтсам, Россия чемпионатидаги легионерларга нисбатан лимитнинг кучайтирилиши ҳақида батафсил маълумотга эга эмасман, аммо менинг фикримча, ҳар қандай лимит фақат ҳалал беради. Англияга қаранг — у ерда баъзи жамоаларнинг таркибида инглизларнинг ўзи йўқ", деди Аҳмедов.
"Европа чемпионатида, албатта, Россия терма жамоасига, персонал равишда эса Юрий Жирковга ишқибозлик қиламан. Менга кўпроқ Мессининг ўйини ёқади, у бекорга яна бир бор "Олтин тўп" эгасига айлангани йўқ. Ишқибозлар масаласида мени омадим чопган — Ўзбекистонда ҳам содиқ ишқибозларимиз бизни ҳар доим қўллаб-қувватлаб туришарди", деди ярим ҳимоячи.
"Ҳа, анча аввал, шунчаки футбол ўйнаган вақтимизда "Барселона" футболкасини кийгандим. "Барселона"да ўйнашга менга ҳали вақтлироқ. Мен шунчаки ўз ўйинимни кўрсатишга ҳаракат қиламан. Сени уришса ҳам бунга жавоб қайтариш шарт эмас. Энг яхши жавоб — яхши ўйин кўрсатиш. Қўполликка қарши қўполлик билан жавоб бериш ҳеч қачон яхшиликка олиб келмайди", деди Одил Аҳмедов.
"Анжи"нинг 2011 йилдаги энг яхши ўйинчиси бўлишимни кутмаган эдим, аммо бу мен учун ёқимли воқеа бўлди. Ахир жамоада қанчадан қанча юқори савияли футболчилар бор. Қўллаб-қувватлаганликлари учун ишқибозларга миннатдорчилик билдираман", деди "Анжи" футболчиси.
"Ҳозир ҳаракат қилаётган нуқтам ўзимга ёқади. Йўқ, жарима тўпларини амалга ошириш вақтида Буссуфа мени ҳайдамайди, бу шунчаки мураббийларниг кўрсатмаси. Бус билан муносабатларим аъло даражада. Мен ҳеч қаерга кетмоқчи эмасман, ахир жамоа билан шартнома имзолаганимга атиги ярим йил бўлди. "Анжи"да мени ҳамма нарса қониқтиряпти ва клубнинг режаларидан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, қаергадир кетгим келмаяпти", деди "Пахтакор"нинг собиқ футболчиси.
"Футболчи бўлиб туғилишадими ёки етишишадими? Ҳар иккаласи учун мисоллар кўп. Агар сен иқтидорли бўлсанг ҳам, ишлашда давом этиш керак. Ҳеч нарса ўзидан ўзи бўлиб қолмайди. Футболда ҳеч қандай сир йўқ. Унда ҳам, бошқа ҳар қандай ишда бўлгани каби, фақат меҳнат, машғулотлар орқали муваффақиятга эришиш мумкин", деди ўзбекистонлик футболчи.
"Йўқ, бирорта ижтимоий тармоқда ўтирмайман. Фақат Skype орқали қариндошларим билан гаплашиб тураман", деди Одил Аҳмедов.
"Бўш вақт кам, хонамга бориб, кейин машғулотга бориш керак. Шунинг учун БААдаги йиғинлар давомида "Пахтакор"даги собиқ жамоадошларим билан учрашиш имкони бўлмади. Аммо яқинда "Насаф" билан ўйнаймиз, у ерда ҳам менинг дўстларим кўп", деди Аҳмедов.
"Албатта, Ўзбекистонда футболни севишади. Футбол бугун Ўзбекистонда жуда ҳам оммалашган. Ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари муваффақиятли ўйин намойиш этишмоқда, машғулот марказлари пайдо бўлмоқда. Миллий терма жамоа ҳақида тўхталадиган бўлсам, бизда ҳозир ҳақиқатанам яхши жамоа, ёш иқтидорли ўйинчилар бор. Ўзбекистон футбол федерацияси биз учун аъло даражадаги шароитларни яратиб, жуда ҳам катта ёрдам бермоқда. Бизга футбол ўйнаб, ишқибозларимизни хурсанд қилишдан бошқа иш қолмаяпти", деди Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедов.