Биласиз, ўтган йили Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси малакали шифокорлардан иборат Тиббий комиссия ташкил этган эди. Мазкур комиссиянинг саъй-ҳаракатлари натижаси ўлароқ COVID-19 пандемияси даврида клублардаги футболчилар, мураббийлар ва бошқа мутахассислар орасида эпидемиологик вазиятни ва уларнинг соғлиги ҳолатини назорат қилиш бўйича самарали иш олиб борилди ва бу 2020 йилги мавсумни жиддий кечикишларсиз якунлаш имконини берди.
Комиссия 2021 йилда ҳам клубларга тиббий масалаларда яқиндан кўмак бериш бўйича иш олиб бормоқда. 25-26 март кунлари пойтахтимиздаги “Чиғатой” қароргоҳида спорт шифокорлари учун тиббиёт семинари ташкил этилди. Унда Суперлига, Про лига, Биринчи лига клублари ҳамда аёллар жамоаларида фаолият олиб бораётган шифокорлар иштирок этишди. Икки кунлик семинар давомида спорт тиббиётидаги сўнгги янгиликлар, пандемия даврида спорт шифокорлари олдида турган муҳим вазифалар, шунингдек антидопинг мавзуларида давра суҳбати ва маърузалар олиб борилди. Хусусан, Жанубий кореялик тажрибали шифокор, тиббиёт фанлари доктори Сонг Ёнг Ил ўзбекистонлик ҳамкасбларига спорт тиббиётидаги янгиликлар, спортчиларнинг турли даражадаги жароҳатларини даволашдаги бирламчи устувор жиҳатлар тўғрисида маъруза қилиб, шунингдек бу борадаги корейс тажрибаси билан ўртоқлашди.
Икки кун давом этган семинар ҳар томонлама самарали ва қизиқарли тарзда кечди. ЎзПФЛнинг тиббий комиссияси йил давомида бу каби амалий тадбирларни яна ўтказиб боради.