БААда йиғин ўтказаётган "Бунёдкор" таркибида Афғонистон ва Сурия терма жамоаси аъзолари кўрикдан ўтмоқда.
15 январь, якшанба куни "Бунёдкор" БААдаги ўқув-машғулот йиғинлари доирасида дастлабки назорат учрашувини Германиянинг "Вольфсбург" жамоасига қарши ўтказди. Учрашув 1:1 ҳисобидаги дуранг натижа билан якунига етди.
Учрашувда "Бунёдкор" таркибида икки нафар осиёлик ўйинчи ҳаракат қилди. Афғонистон терма жамоаси аъзоси, 24 ёшли ярим ҳимоячиси Муҳаммад Юсуф Машриқий учрашувни асосий таркибда бошлади.
1987 йил АҚШнинг Нью-Йорк штатида таваллуд топган Муҳаммад Юсуф "Нью-Йорк Ред Буллз" клубининг ўринбосарлар жамоасида тўп суради. У АҚШнинг энг юқори ҳаваскор футбол лигасининг "Бэйкерсфильд Бригэйд" (2006-2007) ва "Бруклин Найтс" (2009) жамоаларида тўп сурган. АҚШ Ўринбосарлар лигасида иштирок этувчи "Нью-Йорк Ред Буллз" билан бир қаторда, Нью-Йорк ҳудудидаги "Бришна" ҳаваскор футбол клубида ҳам тўп суради. Футболчи маълум муддат "ПСЖ"нинг ўсмирлар жамоасида ҳам шуғулланган.
Муҳаммад Юсуф Машриқий 14 ёшгача бўлган АҚШ ўсмирлар терма жамоасига жалб этилган, аммо отаси Афғонистонда туғилгани учун 2010 йили Афғонистон терма жамоасида тўп суриш ҳуқуқига эга бўлган. У Афғонистон терма жамоаси сафида 12 учрашувда майдонга тушган бўлиб, 8:1 ҳисобида афғонлар ғалабаси билан якунига етган Бутан терма жамоасига қарши Жанубий Осиё футбол федерацияси Кубоги учрашувида терма жамоадаги дастлабки (ва ҳозирча ягона) голини уришга муваффақ бўлган.
"Вольфсбург"га қарши учрашувда захирадан майдонга тушган Отийф Жанният 1984 йили туғилган бўлиб, профессионал футболдаги илк жамоаси "Ал-Карама" ҳисобланади. 2004-2010 йиллар давомида у жамоа сафида 85 учрашувда майдонга тушиб, 22 та гол уришга муваффақ бўлган. Қанот ҳимояси ва ярим ҳимоясида тўп сура оладиган ушбу футболчи 2005 йили Сурия ёшлар терма жамоаси сафида Голландияда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этган бўлиб, Канада ва Колумбия терма жамоаларига қарши учрашувларда майдонга тушган. Сурия терма жамоасида илк бора 2004 йилда дебют қилган футболчи шу вақтгача 45 учрашувда майдонга тушиб, 4 та гол уришга муваффақ бўлган. Футболчининг ҳозирча сўнгги клуби Иорданиянинг "Шабаб ал-Ордун" бўлиб турибди.
Ушбу футболчиларнинг жамоада қолиш-қолмаслиги номаълум.