Суперлига 4-тури доирасидаги АГМК – “Навбаҳор” (2:1) ўйинидан сўнг дастлаб “Навбаҳор” жамоаси бош мураббийи Виктор Жалилов учрашув ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
"Бугунги ўйин ҳар икки жамоа учун анча оғир ўтди, кескинлик охирги дақиқаларгача сақланиб турди. Ҳаммасини битта гол, битта аниқ зарба ҳал қилди. Ўйлашимча, омад АГМК томонида бўлди. Биз ҳам гол уришимиз мумкин эди, бироқ бироз омад етишмади. Нима ҳам дердим, шунақа мағлубиятлар ҳам учраб туради. Яккакураш борасида тенг ўйин кечди. Мағлубиятга учрадикми, демак, кўп жиҳатлар бўйича имкониятни бой бердик, деб ҳисоблайман. Тўғри, футболчиларимиз вазиятни ўнглаш учун астойдил ҳаракат қилишди, лекин уларнинг ҳаракатида пала-партишлик, саросимани сезганим йўқ. Иван Соловьёвда мушаклари билан боғлиқ кичик муаммо бор, шу боис, уни майдонга тушириб, таваккал қилишни истамадик. У майдонга тушишни хоҳлаганди, бироқ тўлиқ соғайиб олиши кераклигини айтдик", — деди Виктор Жалилов.
"Навбаҳор" ПФК матбуот хизмати.