«Реал» бош мураббийи Зинедин Зидан Европа Чемпионлар Лигаси ¼ финал дастлабки баҳси доирасида «Ливерпуль»га қарши кечадиган ўйин олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Ўйлашимча, бизга ҳалитдан етарлича баҳо беришмаяпти. Мен ўз жамоамга буткул ишонаман, бироқ атрофдагиларнинг бизга бўлган муносабатини ўзгартира олмаймиз. Биз курашишга қодирмиз, бу бизнинг кучли томонимиз. «Ливерпуль»га қарши ўйин жуда қийин бўлади, бироқ биз курашамиз. Бизга ҳар бир ўйинчи зарур.
Клопп — буюк мураббий. Унда тажриба бор, у «Ливерпуль»да қойилмақом ишларни қилди. Бироқ ҳар бир жамоанинг кучли томонлари бор. «Ливерпуль»нинг йўқотишлари? Бу уларга муаммо бўлади, деб ўйламайман, мерсисайдларда бошқа футболчилар ҳам бор. Бизда ҳам кўпчилик сафдан чиққан, бироқ биз жамоа сифатида кучлимиз. Ҳар сафар кимдир етишмайди", — деди Зидан.
«Реал» — «Ливерпуль» учрашуви Тошкент вақти билан 6 апрелдан 7 апрелга ўтар кечаси 00:00 да бошланади.