Ҳозирги кунда "Ливерпул"нинг Англия Премер лигасидаги ишлари кўнгилдагидек эмас. Жамоа айни пайтда ички чемпионатда кучли тўртликка кириш учун ҳаракат қилмоқда. Чунки, ушбу ўринлардан жой ололмаса, кейинги мавсумда Чемпионлар Лигасида қатнашиши сўроқ остида бўлиб қолади. Лекин, шуни унутмангки, "Манчестер Сити" чемпионат олтин медалларини математик тарзда қўлга киритмагунча, "Ливерпул" ҳанузгача амалдаги чемпион бўлиб қолаверади. Гарчи, шу кунларда "қизиллар"нинг омади унча келмаётган бўлса-да, лекин дунёда мазкур жамоанинг мухлислари жуда ҳам кўп. Шунингдек, "мерсисайдлар" либоси остида майдонга тушишни хоҳлаётган ўнлаб, ҳатто юзлаб иқтидорли футболчилар топилади.
Бугун биз сизларга таҳминларимиз орқали эмас, балки ўз интервюлари орқали "Энфилд"да тўп суришни хоҳлашини айтган футболчилар ҳақида суҳбатлашамиз. Улар кимлар ва мазкур футболчилар "Ливерпул"да ўйнаши учун қандай имкониятга эгами? Келинг, ҳозир биргаликда шу ҳақида фикр юритамиз.
Мартин ЭДЕГОР
Ёши: 22 ёшда
Фуқаролиги: Норвегия
Клуби: "Реал Мадрид" (Айни пайтда "Арсенал"да ижарада)
Лондоннинг "Арсенал" мухлислари учун ушбу сатрларни ўқиш қанчалик ёқимсиз бўлмасин, аммо ҳозирда "канонирлар" сафида тўп сураётган Мартин Эдегорни тўп сураётган жамоасининг мухлиси дейиш қийин. Дарҳақиқат, норвегиялик ярим ҳимоячи норвегиянинг "Стромсгодсет" жамоасида ўйнаб юрган пайт, интервюларидан бирида "Ливерпуль" Туманли Албиондаги энг севимли жамоаси эканлигини айтиб ўтганди: "Ливерпуль" ҳар доим менинг орзуимдаги клуб бўлиб келган. Аммо бу менинг янги клуб танлаш қароримга таъсир қилишига йўл қўймайман. Ҳаммаси менга ва менинг ривожланишимга мос келадиган жамоани топиш билан боғлиқ", - деганди Эдегор.
Барчамизга маълумки, 2015 йил январ ойида ёш Эдегор 3 миллион евро эвазига "Реал"га кўчиб ўтди, аммо ўшандан бери, истеъдодли ва келажаги порлоқ футболчи деб қаралган бўлса-да, ҳалигача Мадрид клубида ўз сўзини айтиб улгурмаган. Ўтган мавсумда Мартин "Реал Сосьедад" сафида ижарада ўйнади. Мазкур жамоа сафида норвегиялик ўзини ҳар томонлама намойиш этди. Аммо, 2020/21 йилги мавсумда "қаймоқранглилар" сафига қайтиб келган футболчига яна захира ўйинчиси сифатида қаралаверди. Шу сабабли, январ ойида "Реал Мадрид" раҳбарияти Эдегорни "Арсенал"га ижарага бериб юборишга қарор қилди. Ҳозирда футболчи Лондонда ўзини жуда яхши ҳис қилиб, кетма-кет учрашувларда майдонга тушиб, жамоасига ёрдам бериб келмоқда.
Муҳими томони, Эдегор "Арсенал"да ва АПЛда ўзини кўрсатиш учун етарлича имконияти бор. Эҳтимол, норвегиялик футболчи Англия чемпионатида ўзини иқтидорини намойиш эта олса, балки кейинги йиллардан уни "Энфилд"да кўрармиз. Ҳа, сўнгги миш-мишларга кўра, фойдали таклифлар бўлса, "Реал" ёзда Мартинни сотишга қарши эмас. Фақат, битта савол бор. Эдегор Клопп жамоасига керакми?
Тете
Ёши: 21 ёш
Фуқаролиги: Бразилия
Клуб: "Шахтёр"
Бразилиялик ёш футболчи Тете "Шахтёр"да 2019 йил феврал ойидан буён ўйнаб келмоқда. Донецкдаги уруш туфайли трансфер бозоридаги харажатларни узоқ муддатга қисқартиришга мажбур бўлган, Украин клуби жиддий трансферларни амалга оширмаётганди. Аммо, ўша йили "кончилар" Бразилиянинг "Гремио" жамоасига нақ 15 миллион евро пул тўлаб, футболчини сотиб олганда кўпчилик мутахасислар ҳайрон қолишганди. Футболчи тезда ушбу пулни оқлаш учун ҳаракат қилишни бошлаб юборди. Ҳозирда Трансфермаркт интернет нашрида Тетенинг трансфери нархи 20 миллион еврони ташкил қилмоқда.
Яқинда Тете бразилиялик журналистлар билан бўлган мулоқотда, "Шахтёр" ўзининг футбол ҳақидаги орзуларини чеклаб қўяётгани ҳақида, қолаверса бразилиялик вингер ўйнашни хоҳлайдиган жамоалари номини ҳам айтиб ўтди. Улар орасида "Ливерпуль" ҳам бор эди.
"Учта клуб менинг европалик орзуларимнинг бир қисмидир. Гап "Барселона", "Манчестер Юнайтед" ва "Ливерпул" ҳақида кетмоқда. Бу ажойиб мураббийларга ва жуда кўп совринларларга эга топ клублар ҳисобланади. Футболчи сифатида менинг орзуим муҳим унвонларни қўлга киритиш, шунингдек бу жамоалар менга шундай ажойиб имкониятларни тақдим этиши мумкин. Биламан, "Юнайтед" ва "Ливерпуль" азалий рақиблардир ва агар бир кун келиб уларнинг орасини танлашга тўғри келса, албатта, "Ливерпуль"ни танлаган бўлардим", - деди Тете интервюсида.
"Шахтёр" ҳозирда Тетени бошқа жамоага қўйиб юборадими, ёки йўқми бу номаълум. Чунки, бразилияликнинг Украина жамоаси билан амалдаги шартномаси яна 2.5 йилни амал қилади ва ҳозирада "Ливерпуль" мазкур футболчини сотиб олишни керак деб ҳисобламайди. Бунга сабаб эса айни кунларда "мерсисайдлар"да таркибида Салаҳ борлигидир. Аммо, мисрлик футболчи аллақачон 28 ёшга кирган ва тез орада "қизиллар" футболчига ўринбосар топишга ҳаракат қилиб кўришади. Бу пайтда эса Тете ҳақида эсланг.
Саша КАЛАДЖИЧ
Ёши: 23 ёшда
Фуқаролиги: Австрия
Клуб: "Штутгарт"
Бундеслига жадвалида ўрта қаторларда кетаётган "Штутгарт"нинг, ҳозирги кунда кўрсатаётган ўйинларида австриялик футболчи Саша Каладжичнинг ҳам меҳнатлари катта. Ҳужумчи ушбу мавсумда Германия ички чемпионати доирасидаги 25 учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 13та голни ёздириб қўйишга эришган. Ҳужумчи 2019 йилда Австриянинг "Адмира" жамоасидан 1,75 миллион евро эвазига немис жамоаси сафига бориб қўшилган. Аммо Саша учун дебют мавсуми синовларга бой тарзда ўтди. Сабаби, Каладжич "Штутгарт"га кўчиб ўтгандан бироз вақт ўтиб, футболчи жиддий жароҳат олди ва 262 кунни, аниқроғи Бундеслига доирасидаги 28 учрашувни ўтказиб юборишга мажбур бўлди. Жароҳатини тиклаганидан сўнг, германияликлар бежизга ишонмаганлигини исботлашни бошлаб юборди ва ҳозирда ҳужумчининг трансфер нархи 20 миллион еврони ташкил қилади.
Айни пайтда шубҳасиз, Каладжич "Штутгарт"дан кетишга шошилмайди, чунки клуб унга оғир жароҳатни тиклашда ёрдам берди. Қолаверса, жамоа футболчига юқори даражада ўйнаш учун имконият бермоқда. Аммо яқинда Саша "Ливерпуль"дан таклиф бўлса, иккаласидан бирини танлаши қийин кечиши ҳақида гапириб ўтди:
"Мен ўзимни "Штутгарт"да эркин ҳис қиляпман, аммо агар "Ливерпуль" эшикни тақиллатса, бу жуда қийин қарор бўлади, чунки менга бу инглиз клуби жуда ёқади. "Қизиллар" мен учун алоҳида жамоа. Болалик чоғимда, яъни 2005 йилдаги Истанбулда кечган Чемпионлар Лигаси финалидан сўнг, мазкур жамоанинг мухлисига айланиб қолганман. Сўнгги бор акам билан "Ливерпуль" учрашувини томоша қилганимда, дўкондан жуда кўп нарса олган эдик: ўзимга "Ливерпуль" логотипи тушурилган шарф, футболка, кепка ва чашка сотиб олгандим", деб айтиб ўтди Каладжич.
Хўш, энди таҳлил қилиб кўрамиз. Бундай форвард Клопп жамоасига мос келадими? Бунга нимадир дейиш қийин, аммо бўйдор бўлган ҳужумчи "қизиллар ҳужумида етарлича рақобат қилиши мумкин. Шунингдек, октябр ойида Роберто Фирмино 30 ёшни қарши олади ва тез орада бразилияликка ўринбосар топиш учун ҳаракат бошлаб юборилади. Эҳтимол, шу пайтгача, Саша "Ливерпуль" раҳбарияти эътиборини жалб қила олар.
Жей ИДЗЕС
Ёши: 20 ёшда
Фуқаролиги: Голландия
Клуб: "Гоу Эхед Иглс"
Эҳтимол, сиз ушбу футболчи ҳақида умуман эшитмаган бўлишингиз мумкин, аммо футболчининг ватани Голландияда 20 ёшли ярим ҳимоячиси Жей Идзес, ўз позициясидаги энг истиқболли футболчилардан бири ҳисобланади. У Голландия чемпионатининг иккинчи дивизиони жамоаси "Гоу Эхед Иглс" клубида ўйнаб келмоқда. Аммо, мутахасисиларнинг фикрича, Жей ёзда кучлироқ жамоага кўчиб ўтиши мумкин.
Яқинда Идзеснинг ўзи бир кун "Ливерпуль"да ўйнаш орзуси ҳақида гапирди, айниқса, унинг ватандошлари Виржил ван Дейк ва Жоржиньо Вейналдум "қизиллар"нинг асосий ўйинчиларига айланишгани футболчи учун ҳақиқий мотивация бўлганлиги ҳақида ҳам айтиб ўтди:
"Мен болалигимда космонавтлик фаолияти ёки шунга ўхшаш орзулар ҳақида ўйлашим шарт эмас эди. Чунки, ёнимда доимо футбол ва шунга ўхшаш бошқа нарсалар бор эди. Ўша пайтда мен қайси даражада ўйнашимга унчалик аҳамият бермадим. Албатта, энди мен "Ливерпуль"да ўйнашни орзу қилаяпман. Аммо, бунга лойиқ эканлигимни исботлаб қўйишим керак", дейди Идзес.
Хуллас, Каладжичдаги каби баланд бўйи ва инглиз футболи билан ичида йўқолиб қолмайдиган ёш Жейни яқин кунларда Англия футболида кўришимиз мумкинми? Яна бир савол шуки, ўтган ёзда Идзес "Гоу Эхед Иглс" билан янги шартнома имзолади ва энди бу клуб ўз юлдузи орқасидан потенциал сотилиши мумкин бўлган максимал суммани топишга ҳаракат қилади. Шунинг учун голландиялик футболчи Англияни забт этиши учун бироз вақт керак бўлиши мумкин.
Айвен Тони
Ёши: 25 ёшда
Фуқаролиги: Англия / Ямайка
Клуб: "Бренфорд"
Гарчи, Тони энди 24 ёшда бўлса-да, фаолияти давомида жуда кўп жамоаларда ўйнаган. Ҳозирги кунда Англиянинг "Бренфорд" жамоаси сафида ўйнамоқда. Мазкур жамоа Туманли Альбионнинг 2-дивизиони жамоаси ҳисобланади. Клуб Айвенни ўтган йили Англиянинг бошқа бир жамоаси "Питерборо Юнайтед" жамоасидан 5 миллион фунт эвазига сотиб олганди. "Арилар" матбуотини таъкидлашича, клуб футболчи орқасидан катта маблағ топмоқчи. Бироқ, бундан бир йил олдин, Айвен "Бренфорд" футболчиси бўлганидан кейин, блиц-сўровномада қайси клубга ўтишни хоҳлашини сўрашган эди. Шунда футболчи ҳеч ўйламасда "Ливерпуль" деб айтиб ўтди.
Тони, 2020/21 йилги чемпионат доирасида 35 ўйинда 28 та гол уришга эришган. Ушбу натижалардан кейин футболчининг "Энфилд"да ўйнаш ҳақидаги эски орзуси рўёбга чиқиши анча тезлашиши мумкин. Тўғри, Айвен тўғридан-тўғри "Бренфорд"дан "Ливерпуль"га трансфер бўлиши қийиндир, аммо ҳозирги кунда футболчига АПЛнинг бир қатор жамоалар қизиқмоқда. Эҳтимол, футболчи ёзда Премер лигага кўчиб ўтиб, ўша мавсумда ўзини ҳар томонлама кўрсатса, балки "Ливерпуль" раҳбарияти эътиборига тушар. Кузатамиз.
Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади.