Келинг, халқаро майдонда ўйнашига фақат ҳакамлар халал бераётгани айтилаётган "Навбаҳор" клуби статистикасига эътибор қиламиз.
Техник-тактик ҳаракатлар самарадорлиги бўйича "Навбаҳор" Суперлиганинг 9-жамоаси. Кетма-кетликда "Пахтакор", "Локомотив", "Бунёдкор", "Қизилқум", АГМК, "Насаф", "Андижон", "Металлург" клублари ундан олдинда.
Тўп ошириш самарадорлиги бўйича "Навбаҳор" Суперлигада яна 9-жамоа. "Пахтакор", "Локомотив", АГМК, "Насаф", "Бунёдкор", "Металлург", "Андижон" ва "Қизилқум" ундан олдинда.
Ўйин тезлиги бўйича "Навбаҳор" 6-жамоа. "Пахтакор", АГМК, "Насаф", "Бунёдкор", "Локомотив" унда олдинда.
Тўпни ушлаб туриш борасида "Навбаҳор" 9-жамоа. "Локомотив", "Пахтакор", "Андижон", "Бунёдкор", "Қизилқум", "Насаф", "Металлург", АГМК ундан олдинда.
Яккакурашлардаги устунлик борасида "Навбаҳор" 13-ўринда. Фақатгина "Машъал" ундан ёмонроқ натижа қайд этган, қолган клублар устунроқ.
Стандарт вазиятлар самарадорлиги бўйича "Навбаҳор" 7-ўринда. АГМК, "Сурхон", "Қизилқум", Қўқон-1912, "Андижон" ва "Сўғдиёна" олдинда.
Дарвозага берилган зарбалар самарадорлиги бўйича "Навбаҳор" 13-ўринда. Фақатгина "Қўқон-1912" ундан ортда, қолган ҳамма олдинда.
Рақиб пасидан кейин тўпни эгаллаб олишда "Навбаҳор" 9-ўринда, тўпни илиб кетиш бўйича 9-ўринда, тўпни олиб юришда 7-ўринда. "Навбаҳор" қоида бузиш бўйича лиганинг 4-жамоаси. Ва фақатгина алдамчи ҳаракатларда "Навбаҳор" лигада етакчи. 57 та шундай ҳаракатнинг 44 таси аниқ чиққан. Аммо бу билангина катта ғалабаларни қўлга киритиб бўлмайди.
Менимча, "Навбаҳор" халқаро майдон учун чиндан ҳам йўлланма олишни истаса, ўйин сифатини ошириши лозим. Бунда айрим мураббийлар VAR камерасига ўта яқин жойда туриш учун эмас, машғулотларда астойдил ишлаш учун ҳаракат қилиши муҳим.
Диёр Имомхўжаев.
P.S. Юқоридаги ҳаракатларга ҳакамларнинг умуман алоқаси йўқ.