ОЧЛ "A" гуруҳи 1-тур доирасидаги "Ал-Ҳилол" — АГМК учрашувидан олдин ташкиллаштирилган матбуот анжуманида жамоамиз бош мураббийи Миржалол Қосимов билан биргаликда футболчи Йован Жокич қатнашди.
Миржалол Қосимов: "Авваламбор Ассалому алайкум! Барча мусулмон аҳли ва юртдошларимизни кириб келган муборак Рамазон ойи билан қутлайман. Ҳаммага сиҳат-саломатлик ва омад тилайман. Эртага АГМК жамоаси учун янги саҳифа очилмоқда. Жамоамиз илк бор ОЧЛ гуруҳ босқичида иштирок этади. Мақсад гуруҳдан чиқиш. Гуруҳ босқичи якунида тўпланган очколарга қараб ким қайси ўринни олишини билиб оламиз".
— АГМК Саудияга келишидан аввал ОЧЛ плей-офф доирасида ўйнади. Бу ҳолат жамоанинг тикланиш жараёнига қай даражада таъсир қилади?
— Жамоамиз бу ерга келишдан аввал муҳим ва мураккаб кечган ўйинда қатнашди ҳамда бу оралиғда йўл, парвозлар. Қатарга бордик ва у ердан Тошкентга қайтиб, сўнгра Саудия Арабистонига келдик. Лекин бу биз учун баҳона бўлиб қолиши керак эмас. Бу ерга яхши ниятлар билан келдик. Ўйлайманки, бу жиҳат у қадар катта таъсир ўтказмайди.
— Рамазон ойи футболчиларга қанчалик таъсир кўрсатади, деб ўйлайсиз?
— Бу таъсир қилмайди. Орада вақт бор. Ўйинлар ифторликдан кейин маҳаллий вақт билан кечки 22:00га белгиланган. Бу вақт ичида футболчилар тикланиб олишади.
— "Ал Ҳилол" билан ўйинда жамоангиздан нимани кутяпсиз?
— Ҳар бир мураббий жамоасидан яхши натижа кутади. Бу осон бўлмаслигини билиб турибмиз. "Ал Ҳилол" номдор жамоа. Рақибни ҳурмат қиламиз, аммо қўрқмаймиз. АГМК ушбу мусобақага яхши ниятлар билан етиб келди. Ўйлайманки, жамоамиз чиройли ўйнаб, ғалабага интилади.
Йован Жокич: "Эртага жуда ҳам қийин ўйин бўлади. Биз муҳим учрашувга астойдил тайёргарлик кўрамиз. Умид қиламанки, эртанги баҳс биз учун омадли бўлади".