«Барса» янги президенти Жоан Лапорта ҳужумчи Лионель Мессига тайёрланаётган янги шартноманинг айрим бандларини маълум қилди.
Аргентиналик футболчига бошқа клублар таклиф қилаётган маошни «кўк-анорранглилар» тўлай олмайди. Буни жамоа тушуниб турибди. Лапорта 33 ёшли футболчига ҳозиргига нисбатан камроқ маош таклиф қилиб, ундан жамоада қолишни сўрамоқда. "Барселона" иқтисодий инқироздан чиқиб кетганидан кейин Мессининг маоши кўпайтирилади. Шунингдек, Лео футболчилик фаолиятини якунлаганидан сўнг унга «Барса» элчиси лавозими таклиф этилади.
Бундан ташқари, Лапорта "Боруссия Дортмунд" ҳужумчиси Эрлинг Холандни харид қилиш орқали Мессини клубда қолишга кўндирмоқчи. Ушбу трансфер орқали клуб Чемпионлар лигасида ғолиблик учун курашда етакчига айланмоқчи.
Эслатиб ўтамиз, Лионель Мессининг "Барселона" билан шартномаси 2021 йилнинг ёзида якунига етади. У Ла лиганинг жорий мавсумида 28та ўйинда майдонга тушиб, 23та гол урди ва 8та голга узатма берди.