Биз ўрганган кўринишдаги Европа футболини буткул ўзгартириб юбориши кутилаётган Суперлига тузилгани ҳақида расман эълон қилинди. Бошқача таъбир билан айтганда, апрель ойи кечаларининг бирида тарқатилган махсус пресс-релизлар орқали еврофутболда кичик инқилоб юз берди. Ҳозирча билан буни кичик инқилоб дея турамиз. Аммо у йирик бўлиб чиқиши ҳеч гап эмас!
Ҳар қандай инқилобда бўлгани каби бунисининг рўй бериши ҳақида ҳам анча йиллардан бери гап сўзлар мавжуд эди. Европанинг топ жамоалари молиявий жиҳатдан заифроқ бўлган бошқа клублар билан фойдани бўлишгилари йўқ.
Ҳозирда 12 та жамоа янги мусобақада иштирок этиш мақсадини билдирган ва турнир таъсисчиси мақомида қайд этилган. Булар «Манчестер Юнайтед», «Ливерпуль», «Манчестер Сити», «Арсенал», «Челси», «Тоттенхэм», «Реал Мадрид», «Барселона», «Атлетико», «Ювентус», «Милан» ва «Интер». Асосий ролларда Флорентино Перес («Реал М») ва Андреа Аньеллини («Ювентус») кўриш мумкин. Бундан ташқари Жоел Глейзер (МЮ) номи ҳам тилга олинмоқда.
Мусобақа формати
Мусобақада 20та жамоа иштирок этиши кутилмоқда. Улардан 15таси таъсисчи клублар ҳисобланса, қолган 5 жамоани танлаб олиш механизми ишлаб чиқилмоқда.
Учрашувлар ҳафта ўртасида ўтказилади. Барча клублар ўз миллий чемпионатларида иштирок этишда давом этади. Шу боис, ички чемпионатлар сақлаб қолинади.
Мусобақа 2021 йилнинг август ойида бошланиши кутилмоқда. Жамоалар 10тадан икки гуруҳга ажратилишади. Гуруҳ босқичида клублар уй-сафар тизимида жами 18та ўйин ўтказишади. Дастлабки 3та ўринни эгаллаган клублар автоматик равишда чорак финал йўлланмасини қўлга киритишса, 4 ва 5-ўринни эгаллаган жамоалар плей-офф тизими орқали чорак финалга чиққан яна 2та клуб номига аниқлик киритишади.
Уёғига чорак финал ва ярим финал босқичи ўйинлари 2та босқичдан иборат бўлади. Май ойи сўнгида эса финал баҳси нейтрал майдонда ўтказилади.