Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Легионерликдан уйга қайтган футболчиларимиз

Баҳо:
+ | -

Одатда, футбол даврасида ҳар мавсум ички биринчилигимизга келган легионерлар ҳақида кўп гапирилади. Лекин бугун хорижда ўйнаб, жорий мавсум чемпионатимизга қайтган ҳамюртларимизга назар ташламоқчимиз. Зеро, бу йил шундай футболчилар кўпчиликни ташкил қилишди. Айримларининг хориждаги фаолияти кутилганидек чиқмаган бўлса, баъзилари шунчаки, юртимизга қайтишни лозим топишди. Улар орасида Суперлига ва Про лига жамоаларига жойлашганлари ҳам, жамоасиз қолганлари ҳам бор. Демак, қуйида қайтганларнинг айримлари ҳақида гаплашамиз.

Фозил МУСАЕВ - «Жубило Ивата»дан «Турон»га

Охирги 4 мавсумни Японияда ўтказган ярим ҳимоячи маълум танаффусдан кейин яна Ўзбекистон чемпионатида кўриниш бера бошлади. 2016 йилги мавсумдан кейин «Насаф» билан хайрлашиб, «кунчиқар юрт»га йўол олган Фозил Мусаев қишки трансферлар вақти «Турон» сафига қўшилди. Бу барчамиз учун кутилмаган ҳолат қайсидир маънода, албатта. Зеро, Мусаев фаолиятини кучлироқ жамоа ёки хорижда давом эттириши ҳам мумкин эди. Балки охирги йилларда кузатилган жароҳатлар ҳам унинг танловига таъсир кўрсатгандир. «Яйпан жамоаси ўтишим кўпчилик учун кутилмаган бўлиши мумкин. Лекин буни нормал ҳолат сифатида қабул қилдим. «Турон» - ўз мақсадига эга клуб. Гарчи Суперлигада дебют қилаётган бўлсакда, жамоа олдига турнир жадвалида кучли учликка кириш вазифаси қўйилди. Кўпчилик ишонмаслиги мумкин. Мавсум якунида нима бўлишини кўрамиз. Клубнинг олдига қўйган мақсади, футболчиларга яратиб берилаётган шароитлар, мураббийлар штаби, ташкилий ишлардаги профессионаллик каби омиллар бу жамоани танлашимда муҳим аҳамият касб этди», - деди Фозил Мусаев юртимиз ОАВга берган интервьюларида. Тажрибали ярим ҳимоячининг «Турон» сафини тўлдириши жамоа учун катта фойда берса, ажабмас. Ҳар ҳолда, футболчи жароҳатидан бутунлай фориғ бўлиб, спорт формасини тиклай олса, майдон марказида етакчиликни қўлига олиши мумкин.

Санжар ШОАҲМЕДОВ - «Теренггану»дан АГМКга

Ўтган мавсум Малайзиянинг «Теренггану» клубида ўйнаган Санжар АГМК билан шартнома тузди. Мазкур жамоа футболчи учун бегона эмас. Биласиз, Шоаҳмедов Олмалиқ клубидаги ўйинлари билан мухлислар эътиборига тушганди. 2014 йили Миржалол Қосимов уни ҳаттоки, миллий жамоага ҳам жалб қилган ва футболчига Уммон термаси билан ўйинда асосий таркибда ҳаракатланиш имкониятини берганди. Шоаҳмедов кейинчалик ҳам йиғинларга жалб қилинди. Шоаҳмедов балки АГМКга қайтиш асносида миллий жамоага ҳам қайтишни ўйлаётгандир. Бу йўлда унга омад...

Ҳумоюнмирзо ИМИНОВ - «Энергетик БГУ»дан «Пахтакор»га

«Пахтакор» ўтган йилнинг иккинчи ярмида Беларусь чемпионати вакили - «Энергетик-БГУ»га ижара келишуви асосида берилган Ҳумоюнмирзони ортга қайтарди. Жамоа қишда кўплаб етакчи футболчиларни қўйиб юборди ва Иминов кетганлар ўрнини тўлдириши керак. Тўғри, Питер Хюистра ҳозирча умидли футболчини асосан захирадан майдонга туширмоқда. Иминовнинг хориждаги қисқа муддатли фаолияти ўзи учун фойдали кечгани, шубҳасиз. У миллий жамоанинг март ойи йиғинида кенгайтирилган таркибга киритилди. Маълумот учун, Ҳумоюнмирзо Беларусь клубига йўл олишига қадар Ўзбекистон чемпионатида жами 6та ўйинда майдонга тушиб, 368 дақиқа ҳаракатланган эди. Умуман, 21 ёшли ярим ҳимоячи жорий мавсум «Пахтакор»да порлаши кутилаётган футболчилардан биридир.

Алишер АЗИЗОВ - «Шайх Руссел»дан «Рубин»га

Тажрибали ҳужумчи  Ўзбекистонда сўнгги бор «Обод» жамоаси учун ўйнаганди. У шундан кейин Уммон ва Қирғизистон чемпионатларида тўп сурди. Охирги 2 мавсумни эса Бангладеш чемпионати вакили - «Шайх Руссел» клубида ўтказди. Мана, мухлисларга яхши таниш ҳужумчи хориж сафаридан қайтиб, Биринчи лига иштирокчиси - «Рубин» сафига қўшилди. Ўз олдига Про лигага чиқиш вазифасини қўйган жамоа Азизовдан ташқари, Шоҳруҳ Раимов, Асилбек Омонов, Обид Ҳакимов, Акрам Баҳриддинов, Шерзод Жалилов сингари ижрочилар ҳисобига таркибини кучайтирди. Жамоа­ни Явар Нажафалиев бошқармоқда. Клуб Ўзбекис­тон кубогидаги юришини ғалабалар билан бошлаб, гуруҳ раунди йўлланмасини нақ қилди. Азизовнинг жамоа сафида эканлиги ёшларга тажриба тўплаш борасида ажойиб имкониятдир.

Маъмур ИКРОМОВ, Сирож ҲАМРОЕВ - «Хўжанд»дан қайтишди

Тожикистон чемпионати етакчиларидан бири «Хўжанд» жамоасида ўйнаган икки ҳамюртимиз қишда ортга қайтишди. 2000 йилдан буён Ўзбекистон чемпионатида ўйнаб келган тажрибали кипер сўнгги вақтларда «Локомотив» захирасида қолиб кетган, деярли икки мавсум ўйнамаганди. Шу боисми, Икромов ўтган йилнинг бошида Никола Лазаревич бошқарувидаги «Хўжанд» сафига қўшилди ва кўплаб учрашувларда дарвозасини ишонч билан қўриқлади. Маъмур билан бирга ҳимоячи Сирож Ҳамроев ҳам ортга қайтишни лозим кўрди. Аммо бу икки футболчини янги мавсум арафасида бирор жамоада учратганимиз йўқ.

Ўз ўрнида Шоҳруҳ Гадоевнинг «Кешля»дан АГМКга, Ислом Тўхтахўжаевнинг «Шеньянг Урбан»дан «Қизилқум»га, Жасур Жалолиддиновнинг «Тамбов»дан «Андижон»га, Сардор Рашидовнинг «Қатар СК»дан «Пахтакор»га қайтганини ҳам қўшимча қилиш керак.

Абдулазиз ИСКАНДАРОВ

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 09:00, 20.04.2021.
Ўқилди: 4868 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.