“Зенит” билан учрашувдан кейин Россия чемпиони дарвозасига тўп киритган Камолиддин Мурзоевнинг фикрлари билан қизиқдик.
- Саккиз кундан буён Дубайдамиз. Иккита кучли рақибга қарши майдонга тушдик. Биринчи спарринг рақиб “Вольфсбург” клуби бўлди ва биз немис жамоасига қарши бир бўлимдан ортиқ вақтни камчиликда ўтказдик. Шундай бўлса-да, руҳий ҳолатимизни туширмадик, ўзимизга ишондик ва ҳисобни тенглаштиришга эришдик. “Зенит” билан ўйинда эса ҳаяжон кучли бўлди. Айниқса учрашувнинг бошларида. Бу ўйинда ҳам ўзимизга келиб, кучли рақибга қарши бемалол ўйнаш мумкинлигини исботладик. Питерликлар дарвозасини ишғол қилиш учун бизда ҳам кўп вазиятлар бўлди. Бундай жамоаларга қарши ўйнаб, ўз кучимизга бўлган ишончни ошириб боряпмиз. Менинг фикримча, кучсиз жамоаларни ютгандан кўра, кучлилар билан ўйнаб, ўзимизни текшириб кўрганимиз яхши.