Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Нуқтаи назар: Вадим Абрамовнинг тўрт муаммоси

Баҳо:
+ | -

Гарчи айни пайт Суперлига, ОЧЛ баҳслари диққат марказида тураётган бўлсада, терма жамоа мавзуси ҳамиша актуаллигини йўқотмайди. Қандай вазият ва қай ҳолат бўлмасин, миллий жамоанинг ҳозирги ва кейинги тақдири барчамизни ўйлантиради, мушоҳада юритишга чорлайди. Одатда, ўртоқликми ёки расмий учрашувми, вакилларимиз ғалабани тантана қилганидан сўнг бироз бўлсада кўнгиллардаги хавотир ва ҳаяжон ортга чекинади. Мағлубиятли ўйинлардан кейин эса танқидлар, эътирозлар довон оша болалайди. Бу табиий ҳол. Вадим Абрамов шогирдларининг март ойида Гана ва Ироқ термаларига қарши ўтказган ўйинларидан сўнг фикр юритишга мавзулар етарлича топилди. Нима учун дейсизми? Расмий беллашувларга ҳеч қанча вақт қолгани йўқ. Олдимизда икки ой фурсат бор. Мана шу вақт ичида эса ечими топилиши кутилаётган муаммолар етарлича. Шунча вақтдан бери ечилмаган тугунлар икки ойда ҳали бўлиб қолармикин? Бундай савол барчамизда туғилади. Мавжуд муаммолар ечими мураббий маҳоратига боғлиқ.

НЕСТЕРОВДАН КЕЙИН ТОПИЛМАГАН ЕТАКЧИ

Одатда, бирор циклда дарвозабон масаласида бунчалик хавотирли вазият бўлмаган. Тўғри, аввалги мундиал саралашида Лобановнинг дарвозада туриши кескин танқидларга сабаб бўлганди. Муҳими, ўшанда терма жамоада аниқ кипер бўлган. Сўнгги икки Хитой ва Жанубий Корея билан ўйинларда Нестеров жонимизга оро киргани ёдимизда. Лекин ҳозирда расмий учрашувларда дарвозамизни қўриқлаши мумкин бўлган аниқ бир посбонни айта олмаймиз. Вадим Абрамов ўртоқлик баҳсларида Жавоҳир Илёсов, Абдувоҳид Неъматов, Ботирали Эргашевга имконият бериб кўрди. Уларнинг маҳоратига шубҳамиз йўқ. Аммо олдинда масъулиятли ва қийин ўйинлар кутиб турганини инобатга олсак, бу борада жиддий бош қотиришимиз керак. Илёсов терма жамоада эндигина битта ўйин ўтказди. Неъматовда ҳали бу борада тажриба шаклланиб улгурмаган. Унинг бўйи пастлиги ва жисмоний имконияти ҳаминқадар эканлиги бизга панд бериб қўяди, деган ўйимиз ҳам бор. Ботирали Эргашев ҳам миллий жамоада ҳали ўз ўрнига эга бўлиб улгурмаган. Бизда икки номзод қолмоқда, булар - Санжар Қувватов ва Элдор Суюнов. Катта эҳтимол, расмий баҳсларда шу икки посбондан бири дарвозамизни қўриқлайди. Бизнинг фикримиз шундай. Лекин Абрамов доим ноодатий қарорлари билан барчамизни ажаблантириб келган. Дарвозада муаммо борлигини Вадим Карленовичнинг ўзи ҳам инкор қилмади.

МАРКАЗИЙ ҲИМОЯДАГИ БЕҚАРОРЛИК

Шу вақтга қадар ўртоқлик ўйинларида Ислом Қобилов, Игорь Голбан, Ҳусниддин Алиқулов, Ислом Тўхтахўжаев, Анзур Исмоилов, Азим Аҳмедов каби марказий ҳимоячиларнинг хизматидан фойдаланилди. Лекин айтиш мумкинки, Абрамов бу борада ҳам ҳали якуний қарорга келгани йўқ. Ўртоқлик баҳсларида турли экспериментларни синаб кўрди. Бундан буён эндиликда тажрибаларни синовдан ўтказишга вақт қолмаган. Синаб кўрилиши керак бўлган барча номзодларга имконият бериб кўрилди, ҳисоб. Бизни саралаш баҳсларида қайси ҳимоя жуфтлиги ўйнайди, деган савол қизиқтирмоқда. Қанотларда муаммо йўқ. Иброҳимҳалил Йўлдошев, Фаррух Сайфиевлардан кўнгил тўқ. Марказий ҳимоя энг ожиз нуқталаримиздан бири бўлиб қолмоқда. Балки яна сюрприз кўрармиз?! Эҳтимол, Одил Аҳмедовдан яна ҳимоячи ўрнида фойдаланар? Саудия Арабистони термасининг бўйдор ва жисмоний жиҳатдан кучли ҳужумчиларига қарши юқоридаги номларнинг кучи етадими? Егор Кримец доим терма жамоага чақирилади лекин якунда рўйхатдан тушиб қолмоқда. Рустам Ашурматов ҳам чақирилди, дейлик. Агарда Анзур терма жамоа учун ўйнаб беришга рози бўлса, унинг Рустам билан ҳосил қиладиган жуфтлиги самаралироқ чиқишига ишонаман. Анзур бўйдор ва жисмонан бақувват, Ашурматов тезкор ва ҳужумларни бошлашда фаоллик кўрсатади. Фикримча, энг маъқул вариант шу.

АҲМЕДОВНИНГ ЎРНИ ҚАНДАЙ ТЎЛДИРИЛАДИ?

Ярим ҳимоя терма жамоамиз тарихидаги энг кучли позициялардан бири бўлиб келган ва ҳозир ҳам шундай. Бу нуқтадан хавотирланишимизга асос йўқ. Бироқ битта нарса қолмоқда. Бу ҳам бўлса, етакчи ва диспетчер - Одил Аҳмедов масаласи. Терма жамоага бир йилдан ошиқ вақт мобайнида чақирув олмаган ярим ҳимоячи яна клубини алмаштирди. Бунгача деярли 5 ой вақт мобайнида ўйин амалиётисиз қолиб кетди. Ҳозирги ҳолати қандай эканлигини билмаймиз. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам, у терма жамоа сардори ва етакчиси. Майдон ва унинг ташқарисида ҳам термада тартиб-интизомни ушлашда, футболчиларни бир оила сифатида ягона мақсад йўлида бирлаштиришда Аҳмедовнинг ёрдами керак, барибир. Ўйинда ҳам у кўп нарсани ўзгартириб юборишга қодир. Ўтган давр мобайнида ҳамма беллашувларда кўзга ташланган ягона камчилик - марказда ижодкор ва ҳужумларни бошлайдиган, жамоани олдинга чорлайдиган футболчининг йўқлиги яна сезилди. Шу боис, фикримча, қандай ҳолатда бўлишидан қатъий назар, расмий баҳслар арафасида Одил Аҳмедовни жалб қилиш керак. Кўпчиликнинг наздида, биз усиз ҳам ўйнашни ўрганишимиз керак. Лекин ҳозир эмас. Аҳмедовдан сўнг Отабек Шукуров, Икром Алибоев ёки Остон Ўрунов етакчи ролида гавдаланиши мумкин. Алибоев жароҳатини тиклаш билан банд, боз устига, унинг янги жамоасида ўйин амалиётига эга бўлиш-бўлмаслиги масаласи ҳам бор. Азиз Ғаниев узоқ муддатга сафдан чиққан.

ВАЗИЯТЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ

Вадим Абрамов бошқарган жамоалар доимо ўйин томонлама чиройли футбол кўрсатган. Лекин натижага келганда, доим оқсаган. Ҳужумкор ва юқори прессингга асосланган услубда ўйнайдиган жамоада олдинги чизиқда вазиятлар кўп бор юзага келиши табиий. Ҳамма гап яратилган вазиятлардан фойдаланишда. Ироқ ва Гана термалари билан баҳсларда ҳужумчиларимиз, керак бўлса, иккита ўйинга етадиган голли вазиятлар яратишди. Лекин реализация жуда паст. Айниқса, бу борада Шомуродовга эътирозлар ёғилди. Ростдан ҳам. Майли, ўртоқлик ўйинида натижа муҳим эмас, деб ўзимизни юпатамиз. Аммо расмий учрашувларда ҳар бир фойдаланилмаган вазият, урилмаган гол бизга жуда қимматга тушади. ЖЧ саралашида кучсиз терма жамоа йўқ. Улар ҳам борини ташлайди. Шундай экан, голли вазиятлар Ироқ ёки Гана билан ўйинлардаги каби кўп бўлмайди. Абрамов машғулотларда ва назарияларда бу борада ҳужумчиларга ва вингерларга яхшилаб тушунтириш бериши шарт.

ХУЛОСА

Қилиниши керак бўлган ишлар учун етарлича вақт берилди. Юқорида зикр этилганидек, экспериментлар тугади. Эндиликда аниқ режа асосида, аниқ бир таркибни танлаган ҳолда, пухта тайёргарлик кўриш керак. Ҳозир янги номларни синовдан ўтказадиган пайт эмас, керакли ва терма жамоага ёрдам бера оладиган, ўз позициясидаги энг кучлиларни танлаб олиш қолди. Шу ўринда, якунда бўлажак ўйинларда вакилларимиз қандай таркибда ҳаракат қилишини тахмин қилиб кўрсак: Элдор Суюнов, Иброҳимҳалил Йўлдошев, Рустам Ашурматов, Ислом Тўхтахўжаев, Фаррух Сайфиев, Одил Аҳмедов, Остон Ўрунов, Отабек Шукуров, Жалолиддин Машарипов, Достон Ҳамдамов, Элдор Шомуродов.

АБДУЛАЗИЗ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 08:41, 21.04.2021.
Ўқилди: 4345 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.