"Пахтакор" - "Шаржа" ўйинидан аввалги матбуот анжуманида бош мураббий Питер Хюистрага ярим ҳимоячи Ҳожимат Эркинов ҳамроҳлик қилди.
Хюистра: - Биринчи даврада етарлича очко жамғара олмадик. Шу сабабли эртага бизни жуда муҳим ўйин кутмоқда. Олдинги баҳсдаги хатоларни ўргандик, таҳлил қилдик. Жамоам ўйинни жуда ёмон ўтказди деб ўйламайман, аммо ҳимоявий ҳаракатларда кўнгилдагидек ўйнай олмадик. Ҳимоя фақат ҳимоячиларнинг ҳаракатидан иборат эмас, унда бутун жамоа иштирок этади. Жамоавий ҳаракат бўлиши керак. Қолаверса, тўпни назорат қилиш орқали кўпроқ имконият яратишимиз лозим. Бу борада уйғунликни юзага келтириш даркор. Чемпионлар Лигасида буни уддалашга уриниб кўрамиз. Биринчи беллашувда 70 фоиз ҳолатда тўпни назорат қилдик, аммо бу самара бермади. Энди вазиятларни кўпроқ содир этишга интиламиз.
"Шаржа" яхши савиядаги жамоа. Эртага Коронадо майдонга тушган тақдирда улар янада хавфли бўладими? Биз ўз ўйинимизни, юқори савиямизни кўрсата олсак, жуда яхши жамоамиз. Айнан шуни уддалашга ҳаракат қиламиз. Дастлабки икки учрашувда ғалабага ҳақли эдик, аммо омадимиз келмади. "Шаржа" билан биринчи баҳсда эса хатоларга йўл қўйдик. Буларни тузатишга уринамиз. Босим бор ҳолатда барча ишлар яхши бўлиши керак.
Эркинов: - Биз эртага жуда катта аҳамиятли ўйинда майдонга тушамиз. Бу рақибга қарши биринчи ўйиндаги хатоларни мураббийимиз тушунтириб ўтди. Керакли кўрсатмалар берилади ва фақат ғалаба учун ўйнаймиз.