«Барселона» клуби Европа суперлигаси борасида ўз позициясини расман маълум қилди.
«Барселона» Европанинг кўпгина катта клублари фикрига қўшилади: тизимга ислоҳотлар керак. Боз устига, ҳозирги ижтимоий-иқтисодий вазиятни инобатга олганда, футбол учрашувлари сифатини ошириш орқали жаҳон футболининг яшаб кетиши ва молиявий барқарорлигини кафолатлаш учун ислоҳотлар жуда ҳам зарур.
Шундан келиб чиқиб, «Барселона» директорлар кенгаши Суперлиганинг таъсисчи-аъзоси бўлиши таклифини қабул қилди. Ушбу турнир жаҳондаги футбол мухлисларига жозибадор ва сифатли маҳсулот таклиф қилишни мақсад қилган. Бу эса "Барселона"нинг ажралмас принципларидан бири ҳисобланади.
Суперлигада қолиш қарори қатъиятлик билан қабул қилинди. Ундан воз кечиш тарихий хато бўларди. Жаҳоннинг етакчи клубларидан бири сифатида биз ҳамиша илғор бўлишга интилиб келганмиз.
Мазкур лойиҳа бўйича жамоатчиликнинг фикрини инобатга олган ҳолда «Барселона» ушбу норозиликлар сабабини чуқур таҳлил қилади ҳамда футбол олами манфаатлари учун барча масалаларни ҳал қилади. Чуқур таҳлил учун эса вақт талаб этилади. Шошқалоқлик билан қарор чиқармаслик учун совуққонликни сақлаб қолишимиз зарур.
Суд Суперлига таъсисчи-клублари ташаббусини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳуқуқий ёрдам тақдим этгани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шундан келиб чиқиб, асоссиз босим ва қўрқитишлар таъсири остида қарор қабул қилишни нотўғри дея ҳисоблаймиз.
Шунга қарамай, «Барселона» масаланинг моҳиятини жуда яхши тушуниб турибди. Жамоа эҳтиёткорлик билан иш тутади ва клуб мухлисларидан сабрли бўлишни ва клубнинг қарорини ҳурмат қилишни сўрайди», – дейилади "Барса" баёнотида.