Пойтахтимизда старт олган қиличбозлик бўйича Токио-2020 лицензион мусобақаси терма жамоамиз учун муваффақиятли бошланди. Бироз аввал ҳамюртимиз Шерзод Мамутов Токио-2020 Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритди.
Гуруҳ босқичидан муваффақиятли ўтган вакилимиз чорак финалда Цингапур, ярим финалда Қозоғистон вакилини мағлубиятга учратишга муваффақ бўлди. Олимпиада йўлланмаси учун кечган финал беллашувида гонконглик Хо Тин Ловни 15:7 ҳисобида мағлубиятга учратди. Бу билан ёш саблячимиз Токио-2020 Олимпия ўйинлари йўлланмасини ҳам нақд қилди. Қайд этиш жоиз, бу билан терма жамоамиз илк бор қиличбозликнинг сабля йўналишида Олимпиадага йўлланма олмоқда.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Ўзбекистон қиличбозлик федерациясини ушбу муваффақият билан табриклаб, бошқа вакилларимизга ҳам мана шундай ғалабалар тилаб қолади.