ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ ЖАМОАСИ ТАРИХИДАГИ ИЛК ХОРИЖЛИК БОШ МУРАББИЙ - УБИРАЖА ВЕГА ДА СИЛЬВА ҲАҚИДА.
Футболимиз раҳбарлари 1998 йилга қадар мамлакат бош жамоасини шакллантиришда маҳаллий мураббийларга таянишди. Инчунин, бундай ёндашув аввалига самара ҳам берди. Ҳар ҳолда, футболчиларимиз 1994 йили Рустам Акрамов ва Биродар Абдураимов бошқарувида бутун Осиёни ўзларига қаратишди. Бироқ Хиросима-94 афсонасидан кейин Ўзбекистон миллий жамоаси ҳаётида анчагача катта ютуқлар кузатилгани йўқ. Бу орада бош жамоамизни маҳаллий мутахассислар - Александр Иванков, Баҳодир Иброҳимов, Рустам Мирсодиқов бошқаришди, аммо айтарли алоҳида натижа қайд этилмади. 1998 йилнинг кузига келиб, футболимиз мутасаддилари янги тажрибага қўл уришди - ўша вақт «Пахтакор»да фаолият олиб борган бразилиялик Убиража Вега да Сильвани миллий жамоа бош мураббийи лавозимига тайинлашди...
***
Бразилиялик мураббий терма жамоамиз бошқарувини қўлга олган паллада биз учун дебют мундиал саналган ЖЧ-98 (Франция) саралаш босқичининг якуний ўйинлари қолган ва ҳаммаси ҳал бўлиб улгурганди. Оддий айтганда, вакилларимиз Францияга боришдан умид узиб бўлишганди. Шунга қарамай, футболчиларимиз Вега да Сильва бошқарувидаги дастлабки ўйинда Қозоғистон термасини йирик - 4:0 ҳисобида енгишади. Бразилиялик мураббий ўшанда Игорь Шквиринни терма жамоага қайтарган ва у бунга «дубль» билан жавоб берганди. Жамоамиз кейинги баҳсда БАА термаси меҳмони бўлиб, ортга 0:0 ҳисоби билан қайтади, гарчи ўшанда биз учун очконинг аҳамияти қолмаган бўлсада. Қисқаси, Вега да Сильва терма жамоада ишни чакки бошламаган, фақат аввалги ўйинлардаги омадсизликлар Париж дарвозаларини ёпиб бўлганди. Бразилиялик мутахассис ўша йили қишда Ўзбекистон миллий жамоасини Таиланд мезбонлик қилган Осиё ўйинларига олиб боради. Эътиборли факт шуки, бош жамоамиз тарихидаги энг йирик ҳисобли ғалаба айнан шу турнирда расмийлаштирилади - футболчиларимиз Мўғулистон термаси дарвозасига нақ 15та жавобсиз гол уришганди. Эҳтимол, кўпчилик ҳалигача бу натижани унча менсимас, албатта, рақиб жамоадан келиб чиқиб... Лекин факт битта - ўша ўйин натижаси - 15:0 миллий жамоамиз тарихига алоҳида муҳрланди. Вега да Сильвага келсак, унинг миллий жамоамиз бошқарувидаги охирги ўйини ҳам Осиё ўйинлари-98га тўғри келди. Яъни чорак финалда Эрон термасига 0:4 ҳисобида имконият бой берилгач, бразилиялик мутахассисга чиқиш эшиклари кўрсатилади. Умуман олганда, Убиража Вега да Сильва Ўзбекистонда ёмон фаолият олиб бормаганди. Хусусан, «Пахтакор»га келган йилиёқ миллий кубокни таъминлаган бўлса, навбатдаги мавсум жамоани 1992 йилдан кейин илк марта чемпионлик шоҳсупасига қайтаради. Тўғри, унинг қўл остида катта юлдузлар жамланишганди - Миржалол Қосимов, Игорь Шквирин, Александр Хвостунов, Отабек Пирматов, Азамат Абдураимов, Андрей Акопянц...
***
Бугун ушбу инсон орамизда йўқ - яқинда 66 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Эҳ, Вега да Сильва билан ўтган йилнинг октябрь ойида «Фейсбук» ижтимоий тармоғи орқали суҳбатлашгандим. Ўшанда мутахассис анча қизиқарли маълумотларни тортиқ этган ва агар таклиф тушса, юртимизда яна ишлашга тайёрлигини таъкидлаганди. Бироқ айрим сабабларга кўра, «Фейсбук» иловаси мобиль телефонимдан ўчиб кетди. Куни кеча уни тикладим ва бевосита Вега да Сильва билан бўлган интервьюни ҳам топдим. Демак, қуйида ўша суҳбатни ўқишингиз мумкин.
- Жаноб мураббий, Ўзбекистондаги ишингиз, ўша даврни қандай эслайсиз?
- О, хотиралар жуда яхши. Ҳар ҳолда, «Пахтакор»да ўзига яраша муваффақиятларга эришдим, Ўзбекистон миллий жамоасидаги фаолиятим ҳам чакки чиққани йўқ, менимча. Асосийси, Ўзбекистонда қанча-қанча завқли онларни туйганимни ҳамон яхши эслайман.
- Бир қизиқ савол: айтишларича, Ўзбекистон миллий жамоасида Миржалол Қосимовга теннис тўпида жонглёр машқини бажариш вазифасини буюрган экансиз. Шу тўғрими?
- Ҳа, ҳақиқат. Машғулотда қизиб олиш учун аввалига кичик резина тўп билан ишлардик. Шундан сўнг машғулот одатий тўп билан давом эттириларди, албатта. Миржалолнинг сифатлари, техник салоҳияти энг юқори талабларга ҳам жавоб берарди. Яна Шквирин ҳам ёдимда қолган - техник томондан кучли ижрочи.
- Ўзбекистон миллий жамоасида сизга кўпроқ имконият беришмагани сабабини биласизми?
- Тўғриси, йўқ. Умуман, ўшанда ҳам нега истеъфога чиқарилганимни айтишмаган. Ўзим ҳам билишни унча истаганман. Чунки мени билганлар «Пахтакор»даги ишимни кузатишган, улар Ўзбекистон миллий жамоасини ҳам ёмон бошқармаганимни тан олишган. Умуман, миллий жамоа ўша вақт анча кучли эди.
- Айримлар ҳозирга қадар Мўғулистон термасига қарши кечган ўйиндаги рекорд натижа - 15:0га қандайдир шубҳа билан қарашади...
- Ҳаммаси оддий - рақиб ўта заиф эди. Менимча, бунга алоҳида қараш керак эмас.
- Ҳозирда Ўзбекистоннинг барча ёш тоифасидаги терма жамоалари деярли бир хил услубда ўйнайди. Сизнингча, бундай ёндашув тўғрими?
- Билишимча, Ўзбекистонда футбол яхши ривожланмоқда. Бир хил услубнинг амалга татбиқ этилишида ўзига яраша плюс ва минуслари бор. Плюс томони - тизим йўлга қўйилади. Минус томони - қайсидир иқтидор индивидуал жиҳатдан ўсиш имкониятини йўқотиши мумкин. Шундай экан, барчасида меъёрни унутмаслик керак. Асосийси, футболчиларнинг шахсий фазилатлари юзага чиқиши чеклаб қўйилмаса, бас.
- Юртимиздаги фаолиятингиз давомида сизни ҳаммадан кўп ҳайратлантирган 3 нафар футболчини айта оласизми?
- Бунча оз....? Ахир қўл остимда ажойиб таркиб бор эди - дарвозабон Павел Бугало, ҳимоячилар Андрей Фёдоров, Николай Ширшов, ярим ҳимоячи Миржалол Қосимов, ҳужумчилар Игорь Шквирин, Азамат Абдураимов...
- Ўшанда жамоамизни саралаш босқичи якунида қабул қилиб олгансиз. Агар ҳал қилувчи квалификацион раунд стартидан олдин иш бошлаганингизда, натижа чиқиши мумкинмиди?
- Бир нима дейишим мушкул. Футболда клубларга ҳам кўп нарса боғлиқ. Кеч тайинланганим ўзимга боғлиқ эмасди.
- Айтингчи, ўша вақт сизга бирор марта келишилган ўйин таклиф қилишганми?
- Ҳеч қачон! Ўзбекистонда кўпчилик тезда феъл-атворимни яхши билиб олганди. Қолаверса, ҳамма билан таржимон ёрдамида гаплашардим.
- Айниқса, «Пахтакор»нинг катта ёшли мухлислари сизни унутишмаган. Қизиқ, агар юртимизга таклиф этишса, қандай йўл тутардингиз?
- Албатта, борардим, агарда шартлар маъқул келса. Мухлислар - футболнинг ажралмас бўғини. Мен ҳам «Пахтакор» фанатларини эслаб тураман. Улар ўзгача. Тошкент эса жуда гўзал шаҳар. У ерда дўстларим кўп.
Убиража Вега да Сильва Ўзбекистон миллий жамоасини жами 9та расмий, 2та ўртоқлик ўйинида майдонга бошлаб тушган: 5та ғалаба, 4та дуранг ва 2та мағлубият.
1. ЖЧ-98 саралаши
Ўзбекистон - Қозоғистон - 4:0 (3:0)
Голлар: Игорь Шквирин (16, 32), Андрей Фёдоров (43), Миржалол Қосимов (72).
2. ЖЧ-98 саралаши
БАА - Ўзбекистон - 0:0
3. Ўртоқлик ўйини
Озарбайжон - Ўзбекистон - 2:1 (0:0)
Голлар: Гусейнов (75), Гурбанов (89) - Миржалол Қосимов (90).
4. Ўртоқлик ўйини
Ҳиндистон - Ўзбекистон - 0:0
5. Ўртоқлик ўйини
Ҳиндистон - Ўзбекистон - 0:4 (0:3)
Голлар: Александр Хвостунов (8), Сергей Лебедев (30-пен.), Неъматилла Қутибоев (35), Рашид Ғофуров (78).
6. Осиё ўйинлари-98
Ўзбекистон - Қувайт - 3:3 (1:1)
Голлар: Миржалол Қосимов (5), Александр Хвостунов (67), Андрей Акопянц (76) - ал Ҳувайдий (44), Лоҳиб (79, 90).
7. Осиё ўйинлари-98
Ўзбекистон - Мўғулистон - 15:0 (10:0)
Голлар: Сергей Лебедев (7-пен., 18-пен., 38, 45), Игорь Шквирин (9, 15, 20), Андрей Акопянц (23), Неъматилла Қутибоев (29, 33, 47), Миржалол Қосимов (53, 57, 77), Шуҳрат Раҳмонқулов (83).
8. Осиё ўйинлари-98
КХДР - Ўзбекистон - 0:4 (0:1)
Голлар: Николай Ширшов (16, 76), Игорь Шквирин (60), Андрей Акопянц (66).
9. Осиё ўйинлари-98
Ҳиндистон - Ўзбекистон - 0:2 (0:1)
Голлар: Игорь Шквирин (35), Шуҳрат Раҳмонқулов (49).
10. Осиё ўйинлари-98
Ўзбекистон - Туркманистон - 1:1 (1:0)
Голлар: Немаътилла Қутибоев (37) - Ағабаев (72).
11. Осиё ўйинлари-98
Эрон - Ўзбекистон - 4:0 (1:0)
Голлар: Мусави (26), Дайи (82, 87, 89).
А.Искандаров