Испанияда «кичик Классико» мақомини олган учрашув ниҳоясига етди. Басклар юрти жамоаси «Атлетик» биринчи таймда рақибига қаттиқ қаршилик кўрсатган бўлса-да, оқибатда барибир йирик ҳисобда ғалаба қозонди.
Ҳисоб 13-дақиқада Льоренте томонидан очилди. Ўнг қанотдан Хави Мартинецнинг ажойиб тўп узатишини голга айлантирган ҳужумчи бир мудат «Реал»ни қийин аҳволга солиб қўйганди. Мезбонларнинг ўйини қовушмас, «Атлетик» эса ҳар бир қарши ҳужумни хавфли ҳужум билан якунига етказарди. Льоренте, Cусаета каби футбочиларда ажойиб имкониятлар бўлди. Аммо гол уриш мезбонларга насиб этди. Бенземанинг тўп узатишини Марсело голга айлантирди – 1:1.
Иккинчи тайм ҳам шу тарзда давом этишини тахмин қилиш мумкин эди, лекин биринчи дақиқадаёқ Какага нисбатан ишлатилган қўполлик пенальти белгиланиши билан якунланди. Роналду нуқтадан адашмади ва бироз олдин хет трик қайд этиб, бомбардирлар баҳсида ўзиб кетган Мессига етиб олди. Меҳмонларнинг қаршилиги 66-дақиқадаги ҳужумдан сўнг якунига етди, ҳисоб. Ўзилга жарима майдони ичида қўполлик қилишди, тўпга биринчи бўлиб етиб келган Бензема гол киритганди. Аммо ҳакам голни ҳисоблашдан кўра, пенальти белгилашни афзал билди. Ё ҳакам Роналдунинг мухлиси, яъни голлари сонини ошириб олишини истаган, ёки Де Маркосга қазил карточка кўрсатишни истаган. Хазил. Роналду ушбу мавсумда пенальтидан тўққизинчи, ҳаммаси бўлиб йигирма учинчи голини урди. Айтмоқчи, Месси атиги икки марта пенальтидан урган.
Уёғига бир киши кам бўлиб қолган меҳмонлар тақдирга тан беришди. Фақатгина бир вазият – Рамоснинг жарима майдони ичида Муниаинга қўполлик ишлатгани-ю, ҳакамнинг пайқамай қолгани эсда қолди холос. «Реал» эса ўйинни ажойиб қарши ҳужум билан якунлади. Тўпни ўз жарима майдонида эгаллаб олган Арбелоа марказга, Ўзилга етказди, Ўзил Игуаинга, аргентиналик ҳужумчининг ажойиб пасини эса Кальехон голга айлантирди – 4:1
Шундай қилиб, Ла Лигада ҳар икки пешқадам ҳам, олдиндан қийин деб тахмин қилинган учрашувни бир хил ҳисобда ғалаба билан якунлади. Орадаги фарқ эса беш очколигича қолди. Бу хафта ўша қолдирилган 1-тур ўйинлари бўлиб ўтганини эътиборга олсак, биринчи давра чемпиони бўлмиш «Реал»ни табрикласак бўлаверади.
РЕАЛ МАДРИД – АТЛЕТИК – 4:1
Голлар : 0:1 – Льоренте (13), 1:1 – Марсело (25), 2:1 – Роналду (46, пенальтидан), 3:1 – Роналду (67, пенальтидан), 4:1 – Кальехон (86).
РЕАЛ МАДРИД: Касильяс, Арбелоа, Рамос, Варан, Марсело, Алонсо, Кака (Кальехон, 79), Гранеро (Л. Диарра, 73), Озил, Бензема (Игуаин, 68), Роналду.
АТЛЕТИК: Ирайсос, Ираола, Сан Хосе, Аморебьета (Ибаи Гомес, 61), Хави Мартинес, Итурраспе, Де Маркос, Андер, Сусаета (Иньиго Перес, 69), Муниаин, Льоренте (Токеро, 61).
Огоҳлантириш: Де Маркос (26), Роналду (29), Итурраспе (46), Рамос (57), Арбелоа (74).
Четлатиш: Де Маркос (66).