«Милан» бош мураббийи Массимилиано Аллегри «Новара»га қарши учрашувдан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашаркан, «Удинезе», «Интер» ва «Рома» каби жамоаларни эътибордан четда қолдирмаслик кераклигини таъкидлаб ўтди. Бу ҳақда «Football Italia» интернет-нашри хабар бермоқда.
«Новара» ҳамда «Милан» ўртасидаги учрашув 3:0 ҳисобида миланликлар фойдасига ҳал бўлди. Учрашувда Иброҳимович дублга эришган бўлса, яна бир голни Робиньо ўз ҳисобига ёзиб қўйди. «Милан» айни вақтда мусобақа пешқадами «Ювентус»дан бир очко кам жамғаргани ҳолда, жадвалда иккинчи ўринни эгаллаб турибди.
«Бугун биз ғалаба қозонишимиз шарт эди. Чунки олдимизга, биринчи давра якунида 40 очко тўплашни вазифа қилиб қўйгандик. Биз бунинг уддасидан чиқа олдик. Биз яхши натижалар кўрсатаётган «Ювентус»ни таъқиб этишда давом этамиз», деди италиялик мутахассис.
«Контенинг жамоаси Италия чемпионатида ҳали ҳам мағлубият нималигини билгани йўқ. «Ювентус» ва биз – скудетто учун курашдаги асосий фаворитлармиз, аммо «Удинезе», «Интер» ва «Рома» каби жамоаларни ҳам эътибордан четдан қолдирмаслигимиз керак», дея қўшимча қилди россонерилар устози.
«Эмануэльсон чап қанот ҳимоячиси ўрнида ўзини аъло даражада кўрсата олди. Аввалроқ у ярим ҳимояда ўйнашга мажбур бўлди, бунда унга – бутун фаолияти давомида ҳимояда ҳаракат қилган футболчи учун – осон бўлгани йўқ. Эмануэльсон қайси нуқтада ҳаракат қилишидан қатъий назар биз учун муҳим футболчи бўлиб қолаверади. Уни асоссиз танқид қилишмоқда, деб ўйлайман», деди Аллегри.
«Ал-Шааравий ўз ўйинини сезиларли даражада яхшилади. Сўнгги икки ой давомида у жисмоний жиҳатдан ўсишга эришди. Авваллари у ўз нуқтасида ҳаракат қилмасдан, янги ўринга мослашишга мажбур бўларди», дея қўшимча қилди «Милан» бош мураббийи Массимлиано Аллегри.