Суперлиганинг 7-туридан ўрин олган «Турон» — «Пахтакор» (1:1) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Исломбек Исмоилов матбуот анжуманида иштирок этди.
— «Пахтакор» билан учрашувга бир ҳафта давомида жиддий тайёргарлик кўргандик. Рақиб сафида бир қанча маҳоратли ва тажрибали футболчилар борлигини биламиз. Уларда ёмон футболчининг ўзи йўқ. Шу боис махсус дастур ишлаб чиққандик. Футболчиларга раҳмат айтаман. Берилган кўрсатмаларни тўлиқ бажаришди. Кўпроқ тактик ҳаракатларга эътибор бердик. Биринчи бўлимнинг 30-дақиқасигача рақибда гол уриш учун имконият бўлмади. Дарвозамиз олдида хавфли вазият юзага келтира олмади. Пенальти ўйинни ўзгартириб юборди. Фикримча у ерда 50/50 вазият эди. Контакт ҳам йўқ эди. Ҳакамлар ҳақида гапирмайман дегандим. Лекин барибир айрим қарорлар ўйинни натижасига ўз таъсирини ўтказмоқда. Мана шу ўйинга қанчадан-қанча инсонларнинг меҳнати ётибди. Битта қарор ўйинни ўзгартириб юбормаслик керак. VAR тизими жамоамиз иштирокидаги битта ўйинда ишлади, холос. У ҳам бўлса «Сўғдиёна» билан ўйиндан кейин. VARдан оқилона фойдаланиш лозим. Бу керак. Чунки баҳсли вазиятлар бўлмоқда. Футболчиларга раҳмат айтаман. Иккинчи бўлимда ўзларида куч топа олишди.
Фозил Мусаев оёқ мушакларидан жароҳат олгани боис алмаштирилди. Унинг ўрнига майдонга тушган Жавоҳир Соҳибов ҳам ёмон ҳаракат қилмади. Гол урди. Жавоҳир аста-секин спорт формасини тиклаб бораётганидан хурсандман. Унинг салоҳияти катта.