Испания чемпионати якунланишига икки тур қолганида титул учун курашадиган жамоалар сони иккитага камайди: «Атлетико» ҳамон пешқадам бўлиб, "матрасчилар" ҳисобида 80 очко, "Реал"да эса 78» ва энг муҳими қироллик клуби шахсий учрашувларда рақобатчиларидан устунлик қилмоқда. Демак, Диего Симеоне жамоасининг ҳар қандай нотўғри иши, ҳатто дуранг ҳам жамоага қимматга тушади. Сабаби, улар очко йўқотган тақдирда, «Қироллик клуби»нинг иккита ғалабаси Зиданга чемпионлик унвонини ҳимоя қилишга имкон беради.
Каталонияликларда 76 очко бор, агар турнир жадвалида очколар тенг бўлса, улар «Атлетико»дан ҳам, «Реал»дан ҳам қўшимча кўрсаткичлар бўйича пастроқ бўлишади. Пешқадамдан 2 турда 4 очкони қайтариб олиши қийин масала бўлиб, "Блаугранас"га биринчи ўринга ажойиб кўтарилиш учун иккала Мадрид жамоасининг хатоси керак. "Барса" ҳали ҳам биринчи ўрин учун математик имкониятларини сақлаб қолади, аммо чемпионат сценарийси жуда мураккаб:
1. «Барселона» энди хато қилишга ҳақли эмас: уларга «Селта» ва «Эйбар» билан ўйинларда фақат ғалаба керак. Каталонияликларнинг иккала рақибида ҳам курашиш учун сабаб бор. Виголиклар ҳанузгача Эвропа Лигаси зонасига киришга умид қилишмоқда ва "Эйбар" омон қолиш учун кураш олиб бормоқда.
2. «Атлетико» эса «Осасуна» ва «Валядолид»га қарши қолган иккита ўйинда 1 очкодан кўпроқ тўплаши шарт эмас.
3. «Реал» «Атлетик» ва «Вилярреал» га қарши баҳсларда 3 очкодан кўп тўпламаслиги керак.
Фақатгина шу учта ҳодисанинг ҳар бири рўй берган тақдирдагина, «Барселона» Испания чемпионига айланади. Бу ҳақиқатми ёки йўқлигини ўзингиз баҳоланг. Менимча, йўқ.
«Барселона» «Гранада» ва «Леванте» га қарши ўйинларда чемпионликни қўлдан бой берди.
Тақдир «кучли учлик»нинг ҳар бир клубига биринчи бўлиш имкониятини берди. «Атлетико» қоқилишларга қарамай, оҳирида хатоларга йўл қўймай келмоқда ва шу сабабли чемпионликка энг яқин. «Реал»га жароҳатлар ва Чемпионлар Лигаси қўшимча иш юклади. «Барселона» мавсум бошида кўп очко йўқотди ва катта учрашувларда уларнинг "сахийлиги" тутиб қолди, аммо бу барча муваффақиятсизликларни икки учрашувдаги ғалабалар билан бартараф этиш мумкин эди.
33-турда Роналд Куман жамоаси «Камп Ноу» да «Гранада»га қарши катта устунлик билан ўйнади ва биринчи бўлимдан сўнг 1: 0 ҳисобида ғалаба қозонди, аммо иккинчи бўлим ўрталарида каталонияликлар иккита гол ўтказиб юборишди ва ғалабасиз қолишди. 36-турда «Барселона» «Леванте»га қарши ўйинда 2: 0 ва 3: 2 ҳисобида олдинда бора туриб, якунда рақибга мағлубиятдан қутулишга имкон берди. Ўйин 3-3 ҳисобида ўз ниҳоясига етди.
Ушбу учрашувларда йўқотилган бешта очко «Барса га жуда қимматга тушди, чунки агар улар мазкур учрашувлардаги юз фоизлик натижа каталонияликларни турнир жадвалида «Атлетико» ва «Реал»дан кўпроқ, яъни 81 очкога эга бўлишларини таъминлар эди. Сўнгра сўнгги икки тур олдидан "кўк-анорранглилар"га ғолиблик учун асосий даъвогар сифатида қаралар эди.
Ҳа, футболда муҳим паллаларда консентрацияни йўқотмаслик керак, аммо ҳақиқат шундаки, мавсум охирида «Гранада» ва «Леванте»га қарши ўйинларда ғалаба қозона олмайдиган жамоа албатта, биринчи ўринга лойиқ эмас.
Катта ўйинлардаги муваффақиятсизликлар
«Барселона» мухлислари ушбу нохуш мавсумни иложи борича тезроқ якунланишини аллақачон кутишмоқда. Ўтган ёзда ҳаммаси Лионель Мессининг «Камп Ноу»дан кетишга уринишидан бошланди, аммо аргентиналикни куч билан ушлаб туришди. Кейин президент Хосеп Бартомеу билан узоқ кутилган хайрлашувдан сўнг кескин ўзгаришлар кутилмоқда ва қайсар Леонинг умидлари тикланди.
«Барса» чиндан ҳам яхши ўйин кўрсатмоқда, аммо агар мавсумнинг йирик ўйинлари ҳақида гапирадиган бўлсак, Роналд Куман деярли барчасида ютқазди. Жамоа Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи бошида Туринда ғалаба қозонган эди, аммо бу мавсумда «Ювентус»нинг ҳам ҳолати кўпчилигимизга маълум, бундан ташқари «Камп Ноу»да «кекса сеньора» Криштиану Роналдунинг дубли билан 3: 0 ҳисобида ғалаба қозонди ва «Барселона»ни иккинчи ўринга тушириб юборди.
Каталония клуби чемпионлик пойгасида эмас ва энди улар бор эътиборни кейинги мавсумга қаратишга мажбур. Бой берилиб келаётган қатор мавсумлардан сўнг мухлислар ва клуб вакиллари шу гап билан ўзларини овутиб келмоқда. Балки, ЕЧЛ ва хатто Ла Лига совринини соғиниб қолган Каталония клуби мухлисларини келаси мавсумда ўз суюклилари хурсанд қилар, ҳозирча эса умид, сабр ва орзу каби ҳислар улар билан бирга. Ўзгаришларга муваффақиятсизликлар сабаб бўлади, одатда. Айни дам "Барселона"да муваффақиятсизликлар етарлича, фақатгина ўзгаришлар ўзини куттириб қўйди.
Худайқулов КАРИМ тайёрлади