Ювентус - Интер. Экс-чемпион ва янги чемпион тўқнашуви. Бу қарама-қаршилик илдизи анча чуқур кетган. Улар ўртасида тарихий жанглар кўп бўлган, майдонда ва ундан ташқарида ҳам. Интер Ювени унча хуш кўрмайди десак юмшоқ қилиб айтган бўламиз. Бу туйғу Италиянинг бошқа топ клубларини ҳам четлаб ўтмаган. Табиий ҳолат, гегемонларга нисбатан ҳамма ерда шунай. Интер душман қароргоҳига бориб уни бирйўла Чемпионлар лигасидан маҳрум қилиш имконмятидан фойдаланиш учун бор кучи билан ҳаракат қилиши аниқ. Бунинг устига кубокдан Интерни айнан Ювентус чиқариб юборган.
Алоҳида шахслар учун катта ўйин. Масалан Антонио Конте. Унинг футболчилик даври ҳам, мураббийлик даври ҳам бевосита Ювега боғлиқ. Келажакда қайтиши мумкинлигини эса инкор этиб бўлмайди.
Ювентуснинг ҳолати сизга маълум. Қолган иккита учрашувда ғалаба қозонса ва рақибларидан бири қоқилсагина Чемпионлар лигаси зонасидан жой олади. Акс ҳолда... Пирло ҳайдалади, юлдузлар кетаман дейди, Роналдуга қизиқ бўлмай қолади. Турин супер-клуби чуқур инқирозга кириб кетиши мумкин. Чора битта, мавсум охирини қутқариш. Ўзини тахтдан йиқитган чемпион Интерни енгиш. Ҳамон қуввати борлигини исботлаш.
Кўриш шарт бўлган ўйин. 21:00 да FUTBOLTV намойиш этади. Мен эса шарҳлаб бораман.
Даврон Файзиев.