Туркия Футбол Федерацияси раҳбарларининг келишилган ўйинлар билан боғлиқ можаролар борасидаги навбатдаги учрашуви жанжал ва сенсация билан тугади, дея хабар бермоқда tff.org — Туркия Футбол Федерацияси расмий сайти.
Туркия футболи раҳбарлари мажлисда бир овоздан можаро фигурантларини айбдор деб топишган. Келишилган ўйинларда иштирок этганликда айбдор, деб топилган мамлакат грандлари «Фенербахче», «Бешиктош» ва «Трабзонспор» клублари туркия суперлигасидан четлаштириладиган бўлди.
Маълумотларга қараганда Туркия Футбол Федерацияси раҳбарияти ушбу қарорга келишига, Туркия ҳукуматининг уларга ўтказган тазйиқи сабаб бўлган, дейилмоқда. Туркия ҳукумати коррупцион можаронинг бош сабабчиларини қаттиқ жазолашни талаб қилиб, федерация рахбарларига қаттиқ босим уюштиришган.
«Фенербахче» вице-президенти Сиҳан Камер ушбу қарорга нисбатан ўз норозилигини яшириб ўтирмади: «Бизга нисбатан бутун футбол аҳлининг нафрати уйғонишига сабаб бўлишмоқда. Бизнинг йиллар давомида йиққан обрў-эътиборимизни шу йўл билан булғашди. «Фенербахче» ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзига нисбатан қўлланилган жазони мардларча қабул қилади», — дейилади клуб расмий сайтида.
Кутилмаганда «Фенер»нинг азалий рақиби бўлган «Галатасарой» клуби вкиллари уларнинг ёнини олиб матбуотда чиқиш қилди: «Агар барчаси шундай якунланадиган бўлса, бу Туркия футболи келажаги учун катта зарба бўлади. Бу шармандагарчилик. Агар клублар шундай жазога лойиқ кўриладиган бўлсалар, ҳеч қачон стадионларимизда тинчлик бўлмайди», дейди «Галатасарой» расмий вакили.