Яқинда ўтказилган АПЛ доирасида "Вест Бромвич" ва "Ливерпуль" ўртасидаги баҳсда сенсацион воқелик юз берганига барчамиз гувоҳ бўлдик. Унда қўшиб берилган дақиқаларнинг сўнгида стандарт вазиятдан гол киритилди. Голни эса ҳужумчилар эмас, балки мерсисайдликлар дарвозабони – Алиссон урди. Яна бош билан— ҳужумчиларга хос тарзда! Ушбу голи билан бразилиялик посбон АПЛ тарихига кирди. У эндиликда, Лига тарихида гол урган олтинчи дарвозабон сифатида эсланади. Хўш, Алиссон олтинчи бўлди, унда қолган бешта киперлар кимлар? Қуйида, сиз ушбу бешталик ҳақида маълумот оласиз...
Питер Шмейхель ("Астон Вилла", 2001 й.)
"Манчестер Юнайтед"даги юлдузли давридан сўнг, даниялик дарвозабон Бирмингем шаҳри клубида фаолият олиб борган.
У «Эвертон»га қарши ўйинда сонидан жароҳат олади. Шунга қарамасдан, ўйинни давом эттиради. Қўшиб берилган дақиқаларда бурчак тўпини амалга оширган Стив Стоунзнинг узатмасини тўхтатмасдан дарвоза томон йўналтирган Шмейхел, гол уришга муваффақ бўлиб, АПЛда гол урган илк дарвозабон сифатида тарихга кирди.
Бред Фрайдел («Блэкберн», 2004 й.)
Шмейхел голидан уч йил ўтиб, «Блэкберн» клуби дарвозабони – Фрейдел ажойиб гол муаллифига айланди. У «Чарлтон» клубига қарши ўйинда 90-дақиқада ҳисобни тенглаштирган голни киритган. Дарвоза томон берилган зарба йўналишини оёқ билан тегиниш орқали ўзгартириб юборган посбон, гол урган яна бир кипер сифатида тарихда қолди.
Пол Робинсон («Тоттенхэм», 2007 й.)
«Шпорлар» посбони ўз жарима майдончаси яқинидан берган зарбаси рақиб томонида ерга қаттиқ сапчиб, «Уотфорд» дарвозасини қўриқлаётган Бен Фостер устидан сакраб ўтиб, голга айланади. Фостер олдинга чиқиб кетгани туфайли мухлислар кутилмаган голга гувоҳ бўлишади. «Уотфорд»нинг ўша пайтдаги устози Адриан Бутрайд ушбу гол ҳақида: "Мен бутун фаолиятим давомида бундай чиройли ва ғайриоддий голни кўрмаганман. Шу каби голни уриш учун ўйинчининг оёқлари бақувват бўлиши керак", деб ҳайратини яшириб ўтирмаган эди.
Тим Ховард («Эвертон», 2012 й.)
Худди, Робинсон каби гол муаллифига айланган «Эвертон» посбони, эркин зарба билан тўпни тепади. Ўз дарвозасидан анча олдинда юрган «Болтон» посбони Адам Бог устидан сакраган тўп, дарвоза тўри томон йўналган. Лекин бу голда "Гуддисон Парк"да қаттиқ эсган шамол катта роль ўйнаган эди. Ҳайратланарлиси, ушбу гол 101 метр масофадан киритилган. Голдан кейин Ховард хурсанд бўлмаган ва ҳатто нишонламаган ҳам эди. Ўйин якунлангач эса, рақиб жамоа дарвозабони Адам Богдан кечирим сўраган.
Асмир Бегович ("Сток Сити", 2013 й.)
АПЛда Алиссон Беккер гол ургунга қадар, дарвозани ишғол эта олган сўнгги голкипер сифатида болқонлик Бегович эътироф этилар эди. У бу ишни бундан саккиз йил илгари, «Саутгемтон»га қарши ўйинда содир эта олган. Ўшанда у, дарвозабон қайтарган тўпни иккинчи уринишда голга айлантирганди.
Шундай қилиб, Премьер Лига тарихида эндиликда олтита голеадор дарвозабонлар мавжуд.
Жалолиддин Исматов тайёрлади.