«Тоттенҳем» яримҳимоячиси Гарет Бэйл Англия Премьер Лигасининг сўнгги турида дубл қайд этди.
Шу тариқа уэлслик футболчининг Премьер Лигадаги голлари сони 11 тага етди, «шпорлар» таркибида фақат Ҳарри Кейн (23) ва Сон Ҳён Мин (17) ундан кўпроқ гол урган.
31 ёшли футболчининг барча мусобақалардаги голлари сони эса 16 тани ташкил қилади. Эътиборлиси, Бэйл «Реал»даги сўнгги икки мавсумида Ла Лигада атиги 10 та гол урганди.
Бэйлнинг трансфер ҳуқуқи «Реал»га тегишли, у 2020/21 йилги мавсумни «Тоттенҳем»да ижара асосида ўтказди. Унинг мадридликлар билан амалдаги шартномаси 2022 йилда ўз ниҳоясига етади.