Ўзбекистон футбол ассоциацияси футбол фаолиятини назорат қилиш бўйича махсус инспексияси томонидан Про-лигада қатнашувчи «Янгиер» ҳамда «Шўртан» футбол клубларининг айрим вакиллари хақ эвазига келишилган ўйинларда қатнашганлиги ва тотализатор ўйнаб келган шахсларга ёрдам берганлиги аниқланди, дея хабар бермоқда ЎФА расмий сайти.
«Aниқланган ҳолатлар бўйича ЎФA махсус инспексияси томонидан тегишли маълумотлар тўпланиб, ЎФA Этика қўмитасига кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун тақдим этилди.
Тақдим этилган маълумотлар бўйича ЎФA Этика қўмитасининг йиғилиши бўлиб, унда Про-лига мусобақасида қатнашувчи «Янгиер» ҳамда «Шўртан» футбол клубларининг айрим вакилларига нисбатан интизомий чоралар қўлланилди. Бунда айрим футболчи ва мутахассислар келишилган ўйинларда қатнашганлиги, тотализатор ўйнаб келган шахсларга ёрдам берганлиги ҳамда ёрдам беришга уринганлиги учун 6 ойдан 1 йилгача бўлган муддатларга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлатилди.
Мазкур қарор ЎФA томонидан расмий тарзда эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
ЎФA футбол фаолиятини назорат қилиш махсус инспекцияси барча футболчилар, футбол мутахассислари, ҳакамлар ҳамда мусобақаларнинг расмий шахсларини бу каби ноқонуний ҳолатлардан хабар топган ёки шу ҳолатларга алоқадор шахслар уларга алоқага чиққан тақдирда дарҳол «Футбол фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги декларациясига асосан ЎФAнинг тегишли бўлимларига ихтиёрий равишда хабар бериши лозимлиги тўғрисида огоҳлантиради.
Ўз вақтида ихтиёрий равишда хабар берган шахслар жавобгарликдан озод қилиниши ва уларнинг шахси сир сақланиши кафолатланади», - дейилади ташкилот сайтидаги хабарда.
Аввалроқ, «Шўртан» клубининг 6 нафар футболчиси ўтган йили ва жорий мавсумда тотализатор ўйнаб келган шахсларга ёрдам берганлиги ҳақида хабарлар тарқалганди.