Кириш Регистрация
02/07 00:00 Португалия 0-0 Словения
02/07 06:00 АҚШ 0-1 Уругвай
02/07 06:00 Боливия 1-3 Панама
02/07 21:00 Руминия 0-3 Нидерландия
03/07 00:00 Австрия 1-2 Туркия
03/07 06:00 Бразилия 1-1 Колумбия
03/07 06:00 Коста-Рика 2-1 Парагвай

Азаренка ва Жокович — Australian open ғолиблари

Баҳо:
+ | -

Мельбурн (Австралия) шаҳридаги "Мельбурн Парк" теннис кортларида 100-бор ўтказилган Австралия очиқ чемпионати баҳслари ниҳоясига етиб, ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлди.

Мукофот жамғармаси 26.830.000 австралия долларини ташкил этган мазкур нуфузли мусобақа, "Улкан тож" туркумига кирувчи 4 та турнирдан бири ҳисобланиб, ҳар йили ана шу турнирлар орасида биринчи бўлиб ўтказилиб келинади.

2012 йилнинг 12 январида бошланган саралаш босқич мусобақалари 16 январга қадар давом этиб, шу кундан асосий тўр ўйинларига старт берилди. Эркаклар ва аёллар ўртасида бўлиб ўтган яккалик ва жуфтлик, шунингдек, микст (аралаш, эркак-аёл) баҳсларида 8 нафар ракетка усталарига бош мукофотлар насиб этди.

Мавсумнинг дастлабки йирик мусобақасида мамлакатимизнинг уч нафар ракетка усталари ҳам иштирок этдилар. Денис Истомин асосий тўр баҳсларидан мусобақаларга киришган бўлса, Оқгул Омонмуродова ва Фаррух Дўстов саралаш босқич баҳсларига кортга чиқдилар.

Эркаклар ўртасидаги яккалик мусобақаларда бу йил ҳам бош совринни сербиялик Новак Жокович қўлга киритди. Қарийб 6 соат давом этган финал баҳсида Рафаэл Надални (Испания) 5-7, 6-4, 6-2, 6-7, 7-5 ҳисобида енган Жокович, "Улкан тож" туркумига кирувчи турнирларда 5-бор бош мукофотни қўлга киритди. Ушбу муваффақиятдан сўнг дунё рейтинг жадвалидаги пешқадамлик мавқеини янада мустахкамлаб олди.

Жуфтлик баҳсларида ғолибликка Леандр Паес (Ҳиндистон) ва Радек Штепанек (Чехия) жуфтлиги эришди. Ҳал қилувчи финал баҳсида улар америкалик Боб ва Майкл Браян дуэтидан 7-6, 6-2 ҳисобида устун келдилар.

Аёллар ўртасида бўлиб ўтган яккалик мусобақаларида бош соврин беларуслик Виктория Азаренкага насиб этди. Ҳал қилувчи баҳсда россиялик Мария Шараповани икки сет якунларига кўра 6-3, 6-0 ҳисобида мағлуб этган беларуслик теннисчи "Улкан тож" туркумига кирувчи турнирлардаги дастлабки муваффақиятига эришди ва аёллар рейтинг жадвалида 1-ўринга кўтарилиб олди.

Россиялик Светлана Кузнецова ва Вера Звонарёвалар жуфтлик баҳсларида ғолиб бўлишди. Бош соврин учун кечган финал баҳсида улар италиялик Роберта Винчи ҳамда Сара Эррани дуэтини 5-7, 6-4, 6-3 ҳисобида мағлубиятга учратдилар. Бу Светлана Кузнецова ва Вера Звонарёваларнинг фаолиятларидаги "Улкан тож" туркумига кирувчи турнирларда қўлга киритган иккинчи ғалабаларидир.

Микст (аралаш) баҳсларида бош соврин учун кечган баҳсда Бетани Маттек-Сандс (АҚШ) / Хория Текау (Руминия) жуфтлиги Елена Веснина (Россия) / Леандр Паес (Ҳиндистон) жуфтлигини 6-3, 5-7, 6-3 ҳисобида енгди.

Ёшлар ўртасида ўтказилган мусобақалар ҳам муросасиз курашларга бой бўлди. Ўсмирлар ўртасида ўтказилган мусобақаларда австралиялик Люк Севилл ғолиб чиқди. Ҳал қилувчи баҳсда у канадалик Филипп Пеливони 6-3, 5-7, 6-4 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Қизлар ўртасидаги яккалик баҳсларда бош соврин америкалик Тейлор Таунсендга насиб этди. Ёдингизда бўлса, Ўзбекистоннинг иккинчи рақамли теннисчиси 17 ёшли Сабина Шарипова чорак финалда айнан якунда мусобақа ғолиби бўлган Тейлор Таунсендга имкониятни бой берган эди. Америкалик теннисчи финалда россиялик Юлия Путинcевани 6-1, 3-6, 6-3 натижаси билан енгди.

Ўсмирлар ўртасидаги жуфтлик мусобақаларида британиялик Лаям Броуди ҳамда Жошуа Уорд-Хибберт жуфтлиги ғолиб чиққан бўлса, қизлар ўртасида бўлиб ўтган баҳсларда америкалик Габриелла Эндрюс ва Тейлор Таунсенд дуетига тенг келадиган топилмади.

Маълумки, "Улкан тож" туркумига - Австралия очиқ чемпионати (Австралия), Ролан Гарос (Франсия), Уимблдон (Англия) ва АҚШ очиқ чемпионати мусобақалари киради.

Бир мавсум давомида юқорида номлари зикр этилган турнирларнинг барчасида ғолибликка эришиш эркаклар ўртасида Доналъд Баж (1938) ва Род Лейвер (1962,1969), аёллар орасида эса Морин Конноли (1953), Маргарет Смит Корт (1970) ҳамда Штеффи Графга (1988) насиб этган. Штеффи Граф 1988 йили Сеул Олимпиадасида ҳам зафар қучган.

Йил давомида ёшлар ўртасида "Улкан тож" туркумига кирувчи турнирларнинг барчасида ғолибликка эришган ягона спортчи швециялик Стефан Эдберг (1983) ҳисобланади.

Шавкат Жалилов
Маданият ва спорт ишлари вазирлиги матбуот хизмати

Манба: www.uz.mcs.uz
Киритилди: 15:49, 30.01.2012.
Ўқилди: 15519 марта.
Фикрлар: 12 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.