"Зенит" бош мураббийи Лучано Спалетти интервью бериб, ўтказилган йиғин ҳақида ўз таассуротлари билан ўртоқлашди. Санкт-Петербургликлар БААдаги йиғин давомида 4 марта ўзбек жамоалари билан ўртоқлик учрашувларини ўтказганидан хабарингиз бор. "Зенит"га "Бунёдкор", Ўзбекистон олимпия терма жамоаси, "Локомотив" ва "Шўртан" рақиблик қилишди.
— Ўтказилган йиғиндан қониқиш ҳосил қилдим, — дейди Спалетти. — Режалаштирилган барча ишларни амалга ошира олдик. Баъзи футболчиларда жисмоний тайёргарлик борасида кичик муаммолар бўлди. Лекин қолгани жойида. Ўртоқлик ўйинлари натижаларига тўхталадиган бўлсам, сўнгги ўйинни ҳисобга олмаганда, қолган ўйинларда ғалаба қозондик. Рақибга ("Шўртан"га) четлаштирилган ўйинчининг ўрнига бошқа футболчи тушишига рухсат бермаганимизда, унда ҳам ғалаба қозонган бўлардик. Тайёргарликнинг бу босқичида натижа муҳим эмас. Энг мақсад жамоани маълум даражага чиқиб олишига эришиш эди. Биз эса бунга эришдик.