Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Евро-2020. Португалия: Роналду ва унинг давомчилари

Баҳо:
+ | -

Европанинг амалдаги ғолиби, Португалия терма жамоасини бу сафар ҳам Фернанду Сантуш мусобақага олиб келди.

Португалиялик мутахассис термада 7 йилдан буён фаолият олиб бормоқда. Жамоа сардори Криштиану Роналду эса терма жамоа либосида 18 йилдан буён майдонга тушиб келади. Бу йиллар давомида у Европа чемпионатининг барча медалларини қўлга киритишга улгурди. Аммо бу сафарги турнир португаллар афсонаси учун сўнгги қитъа биринчилиги бўлиши мумкин. Нафақат Роналду балки жамоа таркибидаги яна бир қатор ветеранлар учун бу сўнгги турнир бўлиши катта эҳтимол. Хусусан 38 ёшли Пепе, 37 ёшли Фонте (иккиси ҳам ҳимоячи), 34 ёшли Моутиню ва 33 ёшли Патрициуга. Ортдан ажойиб авлод етишиб келмоқда. Бунинг тасдиғини бир неча кун олдин якунланган У21 Европа чемпионати ҳам кўрсатди. Мазкур турнирда португалиялик ёш футболчилар финалгача етиб келишди.

Бундай истеъдодларни кўриб кўпчиликда бир савол пайдо бўлмоқда. Роналдудан кейин ким жамоа етакчиси бўлади ? Бу жуда ўринли савол. Сабаби Сантуш танлаган футболчиларнинг орасида лидерлик сифати бўлган футболчилар талайгина. Фернандеш вақти келганда «МЮ»ни бир ўзи елкасида олиб юрди, Диаш АПЛдаги дебют мавсумидаёқ нималар қилиб юборди ? Канселу кўп функцияли футболчи ва керак пайтда етакчи бўла олишини кўрдик. Фелиш «Атлетико» билан чемпион бўлди (гарчи унга сарф қилинган пулларга тўлиқ лойиқ ўйин кўрсатмаган бўлса ҳам), Жота «Ливерпул» триосига ёриб кирди, Андре Силвани кўпчилик сезмаган бўлиши мумкин аммо у Ҳолландан кўпроқ гол урди ва қолганларга ҳам шундай тариф берсак арзийди. Аммо улардан қай бири етакчиликни олади ? Мана шу саволимизга ҳам балки Европа чемпионати қисман бўлса ҳам жавоб топиб бериши мумкин.

Европа чемпионатигача бўлган йўл Португалия учун аслида унчалик қийин кечмаслиги керак эди. Аммо якунда Шеванинг Украинаси улоқни илиб кетди. Бироқ португаллар иккинчи поғона билан бўлса ҳам мусобақа йўлланмасига эга бўлишди. Саралаш тўпурари кутилганидек Роналду (11та гол) бўлди ва бу орқали у қитъа биринчилиги саралаши тарихида энг кўп гол урган футболчига ҳам айланиб олди.

Имкониятларни чамалайдиган бўлсак, Сантуш шогирдлари учун гуруҳ жуда ноқулай. Сабаби, Франция Миллатлар лигасида ҳам рақибидан ўйин жиҳатдан шаклланганроқ эканини кўрсатди, Германия эса тарихан португалияликлар учун ноқулай рақиб. Аммо немисларнинг ўйинида ҳам муаммолар борлигини сўнгги ўйинлар кўрсатди шу сабабли бу курашда имкониятлар тенг чамамда. Венгрия эса гуруҳ аутсайдери бўлса ҳам ўтган турнирдаги сингари «чақилмас ёнғоқ»қа айланиб олиши мумкин. Шу сабабли Сантуш жамоаси бу сафар мазкур ўйинга ҳам жиддий эътибор бериши аниқ. Гуруҳдан 3та жамоа кейинги босқичга чиқиши мумкинлигини инобатга олсак, албатта «Роналду ва унинг бандаси»да имконият етарли даражада. Мусобақада зафар қучиш борасидаги тахминларни эса гуруҳ босқич ўйинларига қараб айтганимиз маъқул.

Ҳасан Турдиалиев

Манба: t.me/Turdialiyev_Hasan
Киритилди: 09:51, 11.06.2021.
Ўқилди: 4678 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.