Нафақат мен каби бу терма жамоани 2006 йилдаги ЖЧдан буён биладиган бир одам учун, балки уни 90-йиллардан – Баджо давридан, эҳтимол ундан ҳам аввал — Росси давридан биладиганлар учун ҳам кеча Италия терма жамоаси кўрсатган ўйин ўзгача кўринди.
Рақамлар бу фикрни тасдиқлайди. Италия Европа чемпионатларида ўзи ўтказган сўнгги 39 ўйинда илк бор рақиб дарвозасига 2 тадан ортиқ гол уряпти. Бу Европа чемпионатлари тарихида Италия охирги маротаба 3+ кўринишида гол урган ўйинни топиш учун ўтган асрга қайтиш керак бўлади дегани. Лекин, Италия терма жамоаси сўнгги 9 ўйинда тўплар нисбатини 28:0 кўринишида ушлаб турибди. Зўр-а! Яъни Манчинининг Италияси аввалги Италия терма жамоаларидан фарқ қилаётгани аниқ. Рақамлар кўпинча рост сўзлайди. Асли жамоа 2018 йил Миллатлар лигасида Португалияга ютказганидан бери ҳали енгилмади. Демак, айнан Манчини Италияни ўзгартирган дейишга дастлабки асослар бор, менимча.
Кеча УЕФА талқинига кўра ўйиннинг энг яхши футболчиси Леонардо Спинаццола бўлибди. Гарчи мен учун бу мақом Лоренцо Инсиньега тегишли бўлсада “Рома” қанот ҳимоячиси ҳам яхши ўйин ўтказгани, клубидаги каби бу ерда ҳам ҳужумга фаол қўшилганини кўрдик. Бундан ташқари бу натижадан сўнг Италия ҳимоячиси Man of the Match бўлаётгани эътиборли. Чунки, ғолиб жамоа 24 (!) маротаба рақиб дарвозаси томон зарба йўллаган. Бундай вақт ҳужумкор бирор футболчи эътироф этилиши мантиқий бўларди. Бу нимадан дарак беради? Менимча, Спинаццола туркларнинг ҳужумларини бузишда ҳам кўп иш қилди. Бурак Йилмаз ва Кенан Караманни бир неча бор у тўхтатди.
Энди Инсиньега келсак. 10 рақам эгасига тушгандек, Италиянинг саралаш босқичидан кузатиб келаётганларнинг таъкидлашича, бу футболчи бутун циклда таркибдаги энг яхшилардан бўлган. Кеча унда ақл, техника ва тезлик мужассамлигини кўрдим. Ҳа, у Италиянинг аввалги авлод етакчилари каби майдон марказидан ўйинни бошқармас, кўпроқ сўнгги нуқтани қўйиш ўрнида пайдо бўлар, аммо кеча Туркияга қарши шу кифоя қилди.
Туркия ўта заифмиди? Билмадим. Ўзимдаги бу термага бўлган симпатияни четга суриб айтсам ҳам, туркларни ўта заиф деёлмадим. Буни ўйиндан кейин Роберто Манчини ҳам айтибди. Рақиб яхши ўйнади, аслида, деди Италия бош мураббийи. Шенол Гюнеш кеча иккинчи рақамга жангсиз рози бўлди. Орада бир неча бор Йилмаз рақиб жарима майдонига ўтиб кетган бўлсада қария футболчининг ҳаракатларида кескинлик кўринмади. Балки таркибда ўзгаришлар билан бошлар кейинги, Уэльсга қарши ўйинни Гюнеш. Кўрамиз.
Ориф Толипов