Ўтган йил «Насаф»дан ижара асосида олинган Самандар Шодмонов янги мавсумни яна «Машъал»да бошлашга қарор қилди. Хабарингиз бўлса, иқтидорли ярим ҳимоячи аввалига «Насаф»га борганди. Аммо у ердагилар билан гаплашиб олгач, яна «Машъал»га қайтиб келди. Шу муносабат билан яқинда Шодмоновдан интервью олдик.
- Самандар, 2011 йилни ижара асосида «Машъал»да ўтказганингизни биламиз. Гарчи ҳуқуқий жиҳатдан «Насаф»га тегишли бўлсангиз-да, бу йилги мавсумни ҳам ўтган йилгидек Муборакда бошлайдиган бўлдингиз.
- «Машъал» мен билан 2012 йилда ҳам ҳамкорлик қилишни истади. Шу боис яна Муборакка қайтишга қарор қилдим. Тўғри, аслида «Насаф»га тегишлиман. Бироқ у ерда ўйнайманми-йўқми буни билмасдим. Шунинг учун «Машъал»га қайтишим тўғри йўл эди.
- «Насаф»дан кетишингизга аслида Анатолий Демьяненконинг сизга унчалик ишонч билдирмагани сабаб бўлганди. Аммо янги мавсум арафасида унинг ўрнини Рўзиқул Бердиев эгаллади. Бу ҳол Қаршига қайтишингизга туртки бўлмадими?
- Барибир мураббий алмашгани билан қайтишни хоҳламадим. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Тўғри, «Насаф» яхши жамоа. Аммо «Машъал»да ўйнашни хоҳлайман.
- «Насаф»га Виктор Кумиков пайтида ўтгандингиз. Кейинчалик мураббий ишдан бўшатилгач, сизга бўлган эътибор камайгандек бўлди.
- Балки мураббийга ёқмагандирман. У хоҳлаганидек ўйин кўрсата олмаган бўлишим мумкин.
- Айтинг-чи, «Машъал»дан бошқа вариантлар ҳам бормиди?
- 3-4та клубдан чақирувлар бор эди. Лекин «Машъал» менга ҳар томонлама қулай. Қолаверса, бу ерда ҳамма билан илиқ муносабатдаман. Шу боис жамоамни ўзгартирмадим.
- Клуб олдига аниқ вазифа қўйилдими?
- Ҳали аниқ мақсад айтилгани йўқ. Бироқ ўтган йилги эгаллаган ўрнимиздан пастга тушмаслигимиз керак.
- «Машъал» икки йилдан бери 5-ўринни банд қилиб келяпти. Бу жамоанинг барқарорликка эришаётганини билдирадими?
- «Машъал» учун 5-ўринни яхши натижа деб ўйлайман. «Бунёдкор», «Пахтакор», «Насаф» каби жамоалар совринли ўринлар учун жиддий курашиб келишмоқда. Улардан кейинги поғонани эгаллаш хар ҳолда яхшироқ.
- Нима деб ўйлайсиз, «Машъал» ҳам эътиборга молик натижаларга эришишга тайёрми, ё бунга вақт керакми?
- Албатта эришсак бўлади. Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. «Пахтакор», «Бунёдкор»ни ҳисобга олмаганда бошқа клубларнинг кучи деярли тенг. Яхшироқ ҳаракат қилсак, ўйлайманки кучли учликка кирсак бўлади.
- «Машъал»нинг учинчи ўрин учун курашишига ишонасизми?
- Бунга ҳаракат қилиб кўрса бўлади. Ахир футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин.
- «Машъал»нинг ютуқларида Владимир Фомичевнинг меҳнати катта эканлигини айтишади.
- Ҳа, у киши зўр мутахассис. Тактик ва жисмоний томондан ҳам етарли билимга эга. Футболчилар билан аъло муносабатда бўлади. Мураббий ёшлар билан ҳам яхши ишлай олади. Шу сабабли жамоамизда кўплаб иқтидорли ўйинчилар етишиб чиқяпти.
Шуҳратбек ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.