24 ва 27 июнь кунлари Тошкентда футзал бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси жаҳон чемпионатига тайёргарлик доирасида Венесэулага қарши икки ўртоқлик ўйинини ўтказади.
Бугун, 23 июнь куни ЎФА мажлислар залида ўйинолди матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Баҳодир Аҳмедов қуйидаги фикрларни билдириб ўтди.
«Бизга кучли рақиблар топишда ёрдам бераётгани учун ЎФАга миннатдорчилик билдираман. Венесуэла — жаҳон чемпионатларида иштирок этган кучли жамоа. Чиройли ўйинлар кўрсатиб, мухлисларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.
Венесуэла услуб жиҳатидан жаҳон чемпионатида биз билан бир гуруҳдан ўрин олган Гватемала ва Мисрга ўхшаш. Шунинг учун бу жамоа билан ўйинлар бизга фойдали. Аммо Миср ва Гватемала ЖЧда умуман бошқа тактикани қўллаши ҳам мумкин.
Чемпионатга бориши мумкин бўлган 40 нафар футзалчини белгилаб олганмиз. Йиғинлар ва ўртоқлик ўйинларидаги ҳаракатларига қараб якунда 25 ўйинчини танлаб оламиз», — дея Аҳмедовнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.
Ўзбекистон ва Венесуэла жамоалари ўртасидаги ўртоқлик баҳслари Юнусободдаги «Ўзбекистон» спорт мажмуасида бўлиб ўтади. Биринчи ўйин 24 июнь 19:00да, иккинчи беллашув 27 июнь 18:00да бошланади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий жамоаси жаҳон чемпионатида Россия, Миср ва Гватемала билан бир гуруҳдан ўрин олган.