Coca Cola Суперлига 12-туридан ўрин олган “Сурхон” — “Бунёдкор” учрашуви 3-июль санасидан 4-июлга кўчирилди.
“Сурхон” футбол клуби уй учрашувларини ўтказадиган Термиздаги стадион прожекторлари Суперлига клублари учун тақдим этиладиган ёзги танаффусга қадар талаб этилган кўрсаткичга келтирилмади. Шундан келиб чиқиб, “Сурхон” клуби 12-турдан жой олган учрашувини нейтрал майдонда ўтказади.
Мазкур беллашувни “Бунёдкор” клуби билан келишиб, унинг стадионида ўтказиш иложсиз. Сабаби бу вақтда стадион Чемпионлар лигаси учрашувлари билан банд бўлади. Шундан келиб чиқиб, “Сурхон” АГМК стадионидан фойдаланиш бўйича келишувга эришди. 3-июл куни АГМК клуби ўз майдонида “Қўқон-1912” жамоасини қабул қилаётгани “Сурхон” иштирокидаги учрашувнинг бир кун кейинга сурилишига асос бўлди.
Маълумот учун, ЎзПФЛ июнь ойидан эътиборан учрашувларни фақатгина 20:00 га тайин қилгани ҳолда, футболчиларнинг қуёш иссиғида ўйнашларига йўл қўймаяпти.