4-5 феврал кунлари Париж (Франция) шаҳрида дзюдо бўйича 2012 йилги «Улкан тож» туркумига кирувчи турнирларнинг дастлабкиси мусобақаси бўлиб ўтди.
38-бор ташкил этилган мазкур нуфузли мусобақада дунёнинг 97 давлатидан келган 594 нафар дунёнинг энг сара полвонлари татамида ғолиблик учун баҳс юритдилар.
«Лондон-2012» Олимпиада ўйинларига рейтинг очколар ўйналадиган мусобақада ғолиб спортчи 300 очко, кумуш медал совриндори 180, бронза медали соҳиби эса 120 очкони қўлга киритди.
Ушбу халқаро турнирда Ватанимиз шарафини 13 нафар спортчиларимиз, булар Ришод Собиров ва Улугбек Азизов (-60 кг), Улугбек Норқобилов ва Мирзоҳид Фармонов (-66 кг), Наврўз Жўрақобилов ва Мирали Шорипов (-73 кг), Яҳъё Имонов ва Суннатилла Азимов (-81 кг), Дилшод Чориев ва Хуршид Набиев (-90 кг), Марис Маҳмудов ва Рамзиддин Саидов (-100 кг) ҳамда Абдулла Тангриев (+100 кг) ҳимоя қилишди.
Қувонарлиси, биринчи кунги беллашувлардаёқ терма жамоамиз ҳисоби олтин медаль билан бойиди. Вазни 60 кг.гача бўлган полвонлар баҳсида Пекин Олимпиада ўйинлари совриндори, икки карра жаҳон чемпиони, Халқаро дзюдо федерацияси томонидан замонамизнинг энг кучли дзюдо устаси деб эълон қилинган ҳамюртимиз Ришод Собиров ўтказилган бешта беллашувнинг барчасида ғалаба қозониб, шохсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
Ришод Собиров навбатдаги муваффақияти йўлида чехиялик Павл Петриковни, швейцариялик Людовик Чамартинни, россиялик Роберт Мшвидобадзени ҳамда кореялик икки дзюдочи Жанг Жи Мин ва Ким Вон Жинни мағлуб этди. Эътиборлиси, ҳал қилувчи финал баҳсида полвонимиз рақибини 11 сония ичида енгишга муваффақ бўлди.
-60 кг
1. СОБИРОВ Ришод (Ўзбекистон)
2. КИМ Вон Жин (Ж. Корея)
3. ЯНГ Жин-Мин (Ж. Корея)
3. ПАПИНАШВИЛИ Амиран (Грузия)
Оғирлик вазни 73 кг бўлган полвонлар орасида юртимиз шарафини Наврўз Жўрақобилов ва Мирали Шарипов ҳимоя қилишди. Мирали биринчи беллашувда италиялик Кристо Жиованнини, иккинчи баҳсда эса япониялик Оно Шахейни мағлуб этиб, 5-ўринга сазовор бўлди. Олимпиада ўйинлари йўлланмасини нақд қилиб қўйган яна бир спортчимиз Наврўз Жўрақобилов учун мазкур мусобақа, тажриба ва маҳоратини янада тоблаш вазифасини ўтади.
-73 кг
1. САИНЖАРГАЛ Ниям-Очир (Монголия)
2. ВОЕЛК Кристофер (Германия)
3. БОНХОММЕ Гиллес (Франция)
3. ОЗДОЕВ Зелимхон (Россия)
..5. ШАРИПОВ Мирали (Ўзбекистон)
Халқаро турнирнинг иккинчи кунги беллашувларида терма жамоамиз ҳисоби яна 1 та олтин ва 2 та бронза медали билан бойиди.
Оғирлик вазни 90 кг.гача бўлган полвонлар баҳсида Дилшод Чориев бирин-кетин Николас Бриссон (Франция), Роберт Кравчука (Полъша), Элхан Мамедов (Озарбойжон), Денис Кирилов (Россия) ва Роман Гонтиук (Украина) каби спортчиларни енгиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Эътиборлиси, Дилшод татамида бел олишган барча рақиблари устидан соф ғалабага эришди. Шу тариқа Париж шаҳрининг энг муҳташам спорт иншоатларидан бири «Белси» спорт саройида Ўзбекистон байроғи иккинчи бор сарбаланд кўтарилиб, мадҳиямиз баралла янгради.
-90 кг
1. ЧОРИЕВ Дилшод (Ўзбекистон)
2. ГОНТЮК Роман (Украина)
3. ДЕНИСОВ Кирилл (Россия)
3. ГОНЗАЛЕЗ Эшли (Куба)
Эркаклар ўртасида оғир вазндаги полвонлар беллашувида жаҳоннинг мутлоқ чемпиони Абдулла Тангриев (+100 кг.) ва Рамзиддин Саидовлар (- 100 кг) бронза медали совриндори бўлдилар.
2011 йилги жаҳон кубоги ғолиби, қатор йирик халқаро мусобақалар совриндори Рамзиддин Саидов дастлаб Кайл Яшкулатни (АҚШ), иккинчи беллашувда Лусиано Корреани (Бразилия), ярим финалга бериладиган йўлланма учун кечган баҳсда эса япониялик Рюносуке Нагани енгиб, навбатдаги йирик халқаро турнирда ҳам совриндорлар сафидан ўрин эгаллади.
-100 кг
1. НАИДАН Тувшинбаяр (Монголия)
2. БОРОДАВКО Евгенийс (Латвия)
3. БАТТУЛГА Темуулен (Монголия)
3. САИДОВ Рамзиддин (Ўзбекистон)
Абдулла полвон ярим финалга қадар кечган баҳсларда тунислик Файсал Жабаллоҳ, грузиялик Звиад Ханжалиашвили ва Франциялик Жан-Себастъян Бонвоисинни мағлуб этиб, медаллар коллекциясига «Улкан тож» турнирининг бронза медалини ҳам қўшиб қўйди.
+100 кг
1. РИНЕР Тедди (Франция)
2. СИЛъВА Рафаел (Бразилия)
3. КИМ Сунг-Мин (Ж. Корея)
3. ТАНГРИЕВ Абдулла (Ўзбекистон)
Шу тариқа 2 тадан олтин ва бронза медалларини қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоаси 97 давлат орасида Япония(5-1-3), Франция (2-1-4) ва Монголия (2-0-3) жамоаларидан кейин 4-ўринни эгаллади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки мусобақада иштирок этган бир гуруҳ ёш, умидли спортчиларимиз учун «Улкан тож» турнири ўзига [ос маҳорат мактаби вазифасини ўтаб берди.
Шавкат Жалилов
Маданият ва спорт ишлари вазирлиги матбуот хизмати