«Бунёдкор» сардори Виктор Карпенко Анталияда олиб борилаётган машғулотларда асосий эътибор нималарга қаратилаётгани ва янги мавсум режалари ҳақида гапириб ўтди.
Шунингдек, у олимпиячиларимизнинг Лондонга бориш имкониятига ҳам тўхталди:
- Ҳаммага салом! Анталида ўтказаётган тайёргарлигимиз жуда яхши кетмоқда. Машғулотларимиз қизиқарли тусда ўтиб, белгиланган режа бўйича олиб борилмоқда. Тайёргарлигимиз маромида давом этиши учун об-ҳаво ҳарорати ҳам яхши бўлиб турибди. Асосий эътибор жисмоний ва тактик тайёргарликларга қаратилган ва барчамиз масъулият билан шуғулланяпмиз. Ўтказаётган ўртоқлик учрашувларимизда ўзимизнинг ютуқ ва камчиликларимизни кўриб олиб, айнан шулар устида ишлаяпмиз. Мураббийлар штаби бизни ҳужумкор ва чиройли ўйин кўрсатишга тайёрлашяпти.
Олимпиячиларимизни кечаги ғалабаси билан жамоамиз номидан муборакбод этмоқчиман. Австралияни енггач Лондон олимпиадасига боришимиз янада яқинлашди. Гуруҳдаги асосий рақибимизнинг ютқазиб қўйгани Лондонга бориш имкониятиимизни янада оширди. Кейинги ўйинда уч очкони қўлга киритиб, Лондон чиптасини муддатидан аввал ҳам қўлга киритиш имкониятига юзага келди.
Янги мавсумдан нималар кутяпмиз? Аввал ҳам бажариб келган ғалабаларимизни қўлга киритиб, мухлисларимизни хурсанд этиш. Шунингдек, Ўзбекистон кубогини яна ўзимизга қайтаришимиз керак. Қолаверса, Чемпионлар лигаси мусобақасининг биз учун янги бўлган шарқий минтақасида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишимиз лозим. Бугунги кун футболида ҳар қандай жамоага қарши ўйнаш мумкин. Ҳозирги ҳолатимиз Япония, Жанубий Корея каби термалар билан бемалол ўйнашга имкон беради, - деди Виктор Карпенко