ПФЛ директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев футбол бўйича Европа чемпионатидаги жамоалар ҳақида, хусусан Россия ва Украина футболидаги фарқ ҳақида фикр билдирди.
"Украина терма жамоасининг Еврода кўрсатаётгани ўйини балки даҳшат эмасдир, аммо улар чорак финалга қадар етиб борди. Россия намойиш этган футбол билан солиштирганда, Украинанинг ўйини устидан сув ўгириб ичса арзийди.
Россия Еврони шармандаларча тарк этди. Ваҳоланки, Россия футбол учун сарфлаётган пул Европанинг унча-бунча мамлакатидан кўпроқ. Аммо кўряпмизки, ички чемпионатга бундай катта чиқим қилмаётган Украина, Швейцария, Дания, Чехия каби термалар нисбатан соғлом футбол кўрсата оляпти, улар етиштириб бераётган номлар ҳам чакки эмас. Каналимиз ўқувчилари Хорватия футболи ҳақидаги фикрларимизни ҳам яхши билади.
Украина чемпионатида худди биздаги каби 14 клуб тўп суради ва шуларнинг 12 тасини хусусий сектор молиялаштиради ва улар бюджетдан пул олмайди. Биз шу йўналишда ривожланишга ҳаракат қилишимиз нисбатан тўғрироқ йўл. Давлат футбол академияларини ривожлантириш ва албатта футбол мураббийларини ўқитиш тизимини молиялаштириб, нисбатан яхшироқ натижага эришиши мумкин IMHO. Асосан футбол клубларининг молиялаштирилиши аслида қандай самара беришини бугунги футбол яққол кўрсатиб турибди. Биз туб бурилиш қилишдан чўчимаслигимиз керак, дейди ПФЛ раҳбари Имомхўжаев.