Кеча Аргентина чорак финал доирасида Эквадор термаси билан баҳс юритди. Рақиб ййирик 3-0 ҳисобида мағлуб этилди. Ушбу баҳсда Месси асосий фигурага айланди. Ҳатто айрим рекорд кўрсаткичларини ҳам янгилашга муваффақ бўлди. Иккита ассист ва битта жарима зарбасидан супер гол билан «Man of The Match» совринини қўлга киритди. Дарҳақиқат, ўйинда Месси ва унинг жамоадошлари мутлақ устунлик қилишди.
Эквадор термаси гуруҳ босқичини 3 та дуранг ва 1 та мағлубият билан якунлади. Боз устига Эквадор нисбатан заиф термалар қаторида эди. Бироқ Аргентина бош мураббийи Лионел Скалони ўз ҳамюрти бўлган Эквадор устози Густаво Альфаро жамоаси ҳақида ўйин олдидан катта ҳурмат билан фикр билдирди. У шундай дейди: «Эквадор жуда тезкор жамоа. Улар исталган жамоага етарлича муаммо туғдира олишади».
Эквадор термаси Жаҳон чемпионати саралаш баҳсида айни дамда олтита ўйиндан сўнг ўз гуруҳида 3-ўринни банд этиб турибди. Бу ҳақда жамоа яримҳимоячиси Жегсон Мендез: «Биз тарихни ўзгартира олмасакда, келажак ва бугун ўз қўлимизда, интилишдан тўхтамаймиз» дейди.
Копа Америка мусобақасида Аргентина ўз гуруҳини 3 та ғалаба 1 та мағлубият билан пешқадам сифатида якунлади. Албатта бунда Мессининг ажойиб спорт формасида экани катта рўл ўйнамоқда. Ҳозирда жамоа сардори ҳисобида 4 та ўйинда 3 та гол мавжуд.
Эндиликда мураббий Скалони олдида ўйинчилар билан боғлиқ қарорлар қабул қилиш муаммоси мавжуд. Биринчиси ҳимоячи Кристиан Рамеронинг жароҳати. Скалони уни Пезелла билан алмаштириш эҳтимоли бор. Қанотда эса Николас Таглиафико ва Маркос Акунялар майдонга тушиши сўроқ остида қолган. Уларда енгил жароҳатлар борлиги маълум қилинган. Яримҳимоячи Леандро Паредесни ҳам кейинги ўйинда тушуриш мураккаб масала. Унда ҳам енгил жароҳат мавжуд ва ўрни алмаштирилиши мумкин. Таянч яримҳимоячиси Гуидо Родригез эса яхши формадалиги айтилган.
Ярим финал баҳси 7 июлда Бразилиянинг Гояния шарида, «Олимпико» стадионида бўлиб ўтиши режалаштирилган. У ерда Аргентинани Колумбия термаси билан баҳс кутиб турибди.
Жалолиддин ИСМАТОВ тайёрлади.