Барчангизга маълумки, Париж-2024 Олимпия ўйинларига пухта тайёргарлик кўриш, унга футбол йўналишида ҳам лицензия қўлга киритиш мақсадида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси қошида «Олимпик» футбол клуби ташкил этилган. Клуб айнан Париж-2024 Олимпиадасида иштирок эта оладиган ёш авлод вакилларидан тузилган бўлиб, жамоани бўлажак Олимпия терма жамоамиз бош мураббийи Тимур Кападзе бошқариб келмоқда.
Ўзбек футболи тарихида Олимпия ўйинларига тайёргарлик доирасида илк бор жорий этилган мазкур амалиёт ўз самарасини бермоқда. Про-лигада иштирок этаётган жамоа ҳозирда 26 очко билан турнир жадвалида якка пешқадамлик қилиб турибди. Бугун ушбу жамоанинг биринчи ярим йилликдаги фаолиятига бағишланган ҳисоботи бўлиб ўтди. Унда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, унинг биринчи ўринбосари ва ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, Қўмита раиси ўринбосари Сакен Полатов, «Олимпик» раҳбарияти, мураббийлар штаби ва футболчилар иштирок этишди.
Йиғилиш аввалида Тимур Кападзе биринчи ярим йилликда амалга оширилган ишлар, жамоа фаолияти, машғулотлар тартиби ва яқин режалар хусусида гапириб ўтди.
“Футболчиларимизга Суперлиганинг бир қатор клубларидан таклифлар бор. Бу бизни хурсанд қилади, албатта. Бу йигитлар футбол бўйича Ўзбекистон МТЖнинг эртаси. Олдимизда катта мақсад турибди. Уни биргаликда уддалашимизга ишонамиз. Бу қўлимиздан келадиган иш. Биз учун барча шароитларни яратиб бераётган ҳукуматимизга ўз миннатдорчилигимни билдириб ўтмоқчиман. Футболчиларимизга тартиб-интизом ва тўғри овқатланишдан тортиб, назарий ва амалий машғулотларни ўргатиб боряпмиз”, – деди бош мураббий.
Шундан сўнг жамоа шифокори ва нутрициологи ўз йўналишларида олиб борилаётган ишлар, йигитларни ўйиндан ўйинга тиклаш жараёни, витаминизация ва соҳага оид бир қатор мавзуларда ҳисобот беришди.
Шундан сўнг таниқли футбол арбоби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Ахбор ота Имомхўжаевнинг ЎФА ва футболчиларимизга йўллаган мурожаати ўқиб эшиттирилди.
Тадбир давомида ОАВ вакиллари жамоа мутасаддиларига ўзларини қизиқтирган саволлари билан мурожаат қилиб, кўтарилган мавзулар бўйича батафсил фикр алмашилди.
Ҳозирда Про-лигада ёзги таътил вақти. Жамоа мавсумнинг иккинчи ярмига тайёрланиш учун эртага Беларусга йўл олади.