Одатда йирик шахсларнинг қадри ва таъсир кўлами улар кўпчиликнинг диққат марказида бўлиб турган даврда борича кўринмайди. Улар саҳнани тарк этгач эса вазият тўлиғича ойдинлашади. Футбол оламида биз кузатаётган сўнгги 15 йил, шубҳасиз, икки даҳонинг ўзаро рақобати билан аввалги даврлардан кескин фарқ қилади.
Эртага улардан бири (балки ҳозиргача бўлган) фаолиятидаги энг муҳим, балки фавқулотда муҳим ўйинни ўтказади.
Лео Месси
Лео ҳеч кимга ҳеч нарсани исбот қилишга мажбур бўлмаган бир футболчи. Эришиши мумкин бўлган барча эътирофга сазовор бўлиб улгурган бир шахс. Биласизми, баъзида инсонга туғма юқтириб берилган иқтидоргина унинг бирор соҳадаги комиллигига кифоя қилавермайди. Ўша иқтидорга яраша ундан тўғри фойдалана олиш лаёқати ҳам бўлиши лозим одамда. Месси шу иккисига етишган кам сонлилардан экани эса баҳссиз.
Бир куни Адриано Галлиани шундай деганди: “Месси – тарихдаги энг яхши футболчи. Ишонинг, буни сизга Пелени ҳам, Марадонини ҳам кўрган инсон айтмоқда”.
Мана шу Мессини бутун фаолияти давомида терма жамоа миқёсида айтарли натижа кўрсатмаганликда, соврин соҳиби бўлганликда айблашади. Албатта бошқа бирор футболчи миллий жамоаси таркибида Олимпия ўйинлари ғолиблиги, ЖЧ кумуш медали ҳамда Қитъа кубогидаги 3 та кумуш ва бронза медалларини қўлга киритса асло таъна остида қолмасди. Бироқ Лео учун бу ютуқлар ҳатто ютуқ дейилмаслиги ҳам табиий.
2016 йил у Аргентинани учинчи бор Америка кубоги финалига олиб чиқди. Гуруҳ босқичида ва плей-офф ўз зиммасига улкан юкламани олди, ҳақиқий етакчи сифатида жамоани олдинга бошлади. Аммо финал... Чили... Мессининг сериядаги голга айлантирилмаган пенальтиси...
У ҳатто миллий терма жамоадаги фаолиятига чек қўйгани ҳақида маълум қилди бу воқеадан сўнг. Миллионлаб аргентиналик тармоқларни қўя туринг, кўчаларга чиқиб уни қайтаришга уринди. Ишга давлат президенти Маурисио Макри аралашиб – “Дунёдаги энг яхши футболчига эга бўлиш — бизнинг омадимиз ва Худо томонидан берилган туҳфа”, — дея баёнотлар берди. Пойтахтда унга атаб ёдгорлик монументи қад ростлади... Хуллас, бутун мамлакат ундан қайтишни сўради. Ва кейин у қайтди...
Саноқли соатлардан сўнг Лео жамоасини Copa America финалида Бразилияга қарши ўйинга бошлаб тушади. 2007 йилдаги турнир финалида айни шу жамоалар тўқнаш келганди. Месси 20 ёш эди-ю, лекин аллақачон асосий таркиб футболчи бўлиб улгурган бир вақтлар. Бразилияликлар рақиб дарвозасига 3 та жавобсиз гол уришганди ўша финалда.
Реванш имкони дейсизми? Балки... лекин, менимча, Месси ҳозир терма жамоада ўтказган шу вақтгача бўлган барча ўйинлари учун реванш олиш учун ҳаракат қилади. Рақибнинг Чили, Уругвай ёки Колумбия эмас айнан Неймар бошчилигидаги Бразилия бўлаётгани, ўйининг Рио-де-Жанейродаги “Маракана”да ўтказилиши интригани энг юқори чўққига олиб чиқади.
Месси-чи? У Аргентина байроғини шу чўққига ила оладими?
Ориф Толипов